Давлат идораларида коррупсия хавфи ҳар йили баҳоланади
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида коррупсиявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг янги услубиёти ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, коррупсия хавфи юқори деб топилган жараёнлар қайта лойиҳалаштирилиши ёки рақамлаштирилиши, ёхуд улардаги назорат механизмлари тубдан қайта кўриб чиқилиши керак бўлади.

Давлат идораларида коррупсияга оид хавфлар ҳар йили баҳоланади.
Янги ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупсиявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.
Ушбу услубиётга кўра, коррупсиявий хавф-хатарларни баҳолашдан асосий мақсад давлат органлари функсияларини бажариш жараёнида коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, уларнинг хавф даражасини баҳолаш ҳамда ўрта ва юқори хавфли жараёнлар бўйича тегишли чораларни белгилашдан иборат.
Баҳолаш натижасида жараёнлар реестри, коррупсиявий хавф-хатарлар харитаси, уларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, коррупсиявий хавфи ўрта ва юқори бўлган лавозимлар рўйхати шакллантирилади.
Бундан ташқари, коррупсияга мойил муносабатларнинг электрон реестри юритилиши ва мониторинг ҳисоботи тайёрланиши назарда тутилган.
Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари коррупсиявий хавф-хатарларни баҳолашни лозим даражада ташкил этиш, натижаларнинг тўлиқ ва ишончли бўлишини таъминлаш, шунингдек, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Коррупсиявий хавфларни баҳолашда давлат харидлари, бюджет маблағлари, субсидия ва грантларни тақсимлаш, лицензия ва рухсатномалар бериш, давлат хизматларини кўрсатиш, ходимларни ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш каби жараёнлар қамраб олинади.
Шунингдек, давлат активларини бошқариш, жарима ва санксиялар қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тергов ва суриштирув, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш каби йўналишларда ҳам коррупсия хавфи баҳоланади.
Ҳужжатда коррупсия хавфини кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор шубҳали ҳолатлар белгиланган. Улар орасида ходимнинг кенг дискрецион ваколатларга эгалиги, қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмагани, манфаатдор шахслар билан бевосита мулоқот имконияти ва мустақил назорат механизмларининг етарли эмаслиги бор.
Шунингдек, қарорни асоссиз рад этиш, кечиктириш ёки тезлаштириш имконияти, жараённинг бир нечта муҳим босқичини битта шахс бажариши, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва қарорларни етарли назорациз ёпиқ тартибда қабул қилиш ҳолатлари ҳам алоҳида таҳлил қилинади.

