Давлат активлари агентлиги Қорақалпоғистоннинг оч қолганларига «қармоқ» берадими?
Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлигида Қорақалпоғистоннинг Чимбой, Тахиатош, Хўжайли ва Шуманай туманларида бандликни ошириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва пировардида камбағалликни қисқартиришга қаратилган манзилли чора-тадбирлар комплекси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда идора ахборот хизмати хабар беради. Биринчи босқичда мутасаддилар кўмакка муҳтож оилалар, шунингдек, ишсиз фуқароларнинг аҳволини ўрганмоқда. Бу борада […]

Давлат активлари агентлиги Қорақалпоғистоннинг эҳтиёжманд аҳолисига «қармоқ» берадими?
Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлигида Қорақалпоғистоннинг Чимбой, Тахиатош, Хўжайли ва Шўманой туманларида бандликни ошириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва пировардида камбағалликни қисқартиришга қаратилган манзилли чора-тадбирлар комплекси амалга оширилмоқда.
Дастлабки босқичда мутасаддилар кўмакка муҳтож оилалар, шунингдек, ишсиз фуқароларнинг аҳволини ўрганмоқда. Бунда нафақат даромадлар, балки муайян оиланинг қийинчиликлари, унинг аъзолари кўникмалари, қизиқишлари ва даромад олиш имкониятлари ҳам ҳисобга олинмоқда.
Бундай ўрганиш якунлари бўйича индивидуал ривожланиш режалари тузилмоқда. Кимгадир талаб юқори бўлган касбни эгаллаш, бошқасига — тадбиркорлик билан шуғулланиш, учинчисига эса — имтиёзли молиялаштириш олиш ёки доимий ишга жойлашиш таклиф этилмоқда.
Алоҳида йўналиш бевосита жойларда қўшимча даромад манбаларини излаш билан боғлиқ. Хусусан, томорқа ва ижарага олинган ерлардан янада самарали фойдаланиш, маҳаллаларда даромад келтирувчи лойиҳаларни ишга тушириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Оддийроқ айтганда, ёндашув мантиқи шундан иборатки: оилага шунчаки ёрдам кўрсатиш эмас, балки унинг мустақил равишда даромад топиши учун шароит яратишдир.
Агентлик томонидан эълон қилинган мақсад — янги иш ўринларини яратиш, барқарор даромад манбаларини кенгайтириш ва оилаларнинг иқтисодий фаоллигини оширишдир. Агар ушбу чора-тадбирлар ҳақиқатан ҳам барқарор даромад пайдо бўлишига олиб келса, дастур Қорақалпоғистонда камбағалликни қисқартириш воситаларидан бирига айланиши мумкин.
Бироқ асосий савол амалий бўлиб қолмоқда: эҳтиёжманд оилалар мустақил даромад топиш учун ҳақиқий механизмга эга бўладими? Ушбу ишларнинг натижалари ўтказилган учрашувлар ва ўрганилган оилалар сони билан эмас, балки қанча қорақалпоғистонлик оила ҳақиқатан ҳам кўпроқ ва барқарорроқ даромад олиш имкониятига эга бўлгани билан баҳоланиши керак.

