Маҳаллий

Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади

Давлат активларини харид қилишда аванс миқдори 30 фоиздан 15 фоизга қисқартирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Йиғилишда давлат раҳбари ҳудудларда "бизнес имкониятлари"ни кенгайтириш, минглаб гектар бўш ерлар ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини тўлиқ иқтисодий айланмага киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Унга кўра, тадбиркорлар учун қуйидаги енгилликлар жорий этилиши белгиланди:

* Олти ой ичида тўлиқ тўловни амалга оширган тадбиркорларга 25 фоиз чегирма берилади.

* Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолган қисмини 7 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

* Уч ой давомида сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади, шунингдек, ауксион муддати икки баробар қисқартирилади.

Шунингдек, ауксионда ер сотиб олган тадбиркорларнинг қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғишига чек қўйилиб, ҳокимлар ерни қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан "тайёр пакет" шаклида савдога чиқариши белгиланди. Бундай ерни олган тадбиркор қурилишни дарҳол бошлаши мумкин бўлади, инфратузилма йиғими бўйича аванс ҳам 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.

Бундан ташқари, банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Уни сотиб олган тадбиркор бир йил давомида ер ва мулк солиғини тўламайди.

Биринчи навбатда маҳаллийлаштириладиган 50 та маҳсулот рўйхати шакллантирилиб, уларни ўзлаштириш учун Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва Ҳазорасп махсус иқтисодий зоналарининг бир қисмида "Бонд саноат зоналари" ташкил этилади. Бу зоналарга хомашё ва бутловчи қисмларни олиб киришда барча солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади, маҳаллийлаштириш даражаси 30-40 фоиздан ошса, маҳсулотни ички бозорга чиқаришда ҳам имтиёзли шартлар қўлланилади.

"Бонд саноат зоналари"да замонавий Р&Д марказлари, лаборатория, муҳандислик ва технологик хизматлар ягона занжирда ишлайди, тадбиркорларга инфратузилмали тайёр бинолар тақдим этиш учун 50 миллион доллар ажратилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.