Иқтисодиёт

Давактив раҳбари “Ўзбекистон почтаси”даги Вилдберриес вакиллари бўйича изоҳ берди

Соҳибжон Муродов “Ўзбекистон почтаси” Кузатув кенгашидаги 9 та ўриндан 5 тасига Вилдберриес вакиллари тайинланганини изоҳларкан, буни почта ислоҳоти ва ВБъдан 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз олиш режаси билан изоҳлади ва УзПост ВБъга ишончли бошқарувга берилганини рад этди. Маълум қилинишича, маъмурий жарималар ҳақидаги қоғоз хатлардан воз кечилгач, почта 50-60 млрд сўмлик даромадидан айрилган.

Давактив раҳбари “Ўзбекистон почтаси”даги Вилдберриес вакиллари ҳақида изоҳ берди

“УзПост Вилдберриес'га ишончли бошқарувга топширилмаган”

Сўнгги кунларда “Ўзбекистон почтаси” АЖ Кузатув кенгашидаги 9 ўриндан 5 тасига Вилдберриес вакиллари тайинлангани ортидан, миллий почта оператори Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилгани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди. Соҳибжон Муродов бу фикрларни рад этди. “Бугунги кунда ишончли бошқарувга берилмаган”, – деди Давактив раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, 2025-йилда “Ўзбекистон почтаси”ни молиявий соғломлаштириш ва корпоратив бошқарув механизмларини янгилаш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда хусусий банклар ва йирик компанияларда қўлланадиган амалиёт – хорижий тажрибага эга мутахассисларни ижро органлари ҳамда кузатув кенгашларига жалб қилиш тажрибаси УзПост'да ҳам жорий этилган.

Муродов почта хизматлари бозорида Узум ва Вилдберриес каби компаниялар фаолияти кенгайгани, анъанавий почта хизматларига талаб эса ўзгарганини таъкидлади.

“Почта 50–60 млрд сўмлик даромад манбайини йўқотди”

Агентлик директори Ўзбекистон почтасининг молиявий аҳволи ёмонлашишига сабаб бўлган омиллардан бирига ҳам тўхталди.

“Авваллари почтага яхши даромад келтирган йўналишлардан бири – маъмурий жарималар тўғрисидаги ахборотларни фуқароларга етказиш хизмати эди. Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ва банклар мобил иловалар орқали бундай ахборотларни етказишни йўлга қўйди. Уни қоғозга чиқариб, конвертга солиб, фуқарога етказиш амалиётидан uzoqlashildi.Bu хизмат рақамлашгандан кейин почта жуда катта молиявий йўқотишга учради. Мен миллиардлар ҳақида гапиряпман. Почта битта хизматдан 50–60 миллиард сўмлик даромад манбайини йўқотди”, – деди Соҳибжон Муродов.

Унинг фикрича, бундай вазиятда анъанавий почта хизматлари билан чекланиб қолмасдан, янги бизнес йўналишларини ривожлантириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш зарур.

Вилдберриес почтага 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз ажратиши мумкин

Муродов яқинда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган Ўзбекистон почтаси томонидан 100 млрд сўм қарз жалб қилиш масаласига ҳам изоҳ берди.

“100 миллиард сўм қарз масаласи бўйича корпоратив қарор қабул қилиш кун тартибига киритилган эди. Лекин кун тартибига киритилди дегани қарор қабул қилинди дегани эмас. У ерда ёқлаб овоз berilmadi.Sababi, 100 миллиард сўм маблағни 14 фоиз билан жалб қилиш кўзда тутилган эди. Биз савол қўйдик: бу маблағ қайси йўналишга сарфланади, қачон ўзини қоплайди, оқлайдими? Эртага бу маблағ талон-торож бўлиб, қўшимча қарздорлик шакллантирмайдими? Шу саволлардан кейин почта ўз ҳамкорлари билан қайтадан музокаралар ўтказяпти”, – деди у.

Давактив раҳбарига кўра, ҳозир УзПост'га Вилдберриес'дан 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз жалб қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда.

“Ҳозир биз билан дастлабки келишув жараёнида 360 миллиард сўм қарз жалб қилиш масаласи қўйилган, лекин фоизсиз. Бу бирданига 360 миллиард сўм қарз олинади дегани эмас. 360 миллиард сўмлик кредит линияси очилади. Қанчасига эҳтиёж бўлса, шунчаси олинади. Умуман олмаслиги ҳам мумкин. Лекин ҳар бир харид, ҳар бир йўналиш бўйича олинадиган маблағдан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинади”, – деди агентлик раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Вилдберриес вакилларининг “Ўзбекистон почтаси” кузатув кенгашига жалб этилиши ҳам айнан шу 360 млрд сўмгача фоизсиз маблағ ажратиш режаси билан боғлиқ.

“Ижро органи ўша таркибда турибди, аксиядор ўзгаргани йўқ. Биз уларнинг тажрибасидан фойдаланмоқчимиз. Яъни почтани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, жалб қилинаётган қарз маблағларидан самарали фойдаланиш нуқтайи назаридан кузатув кенгашига уларнинг вакилларини жалб қилдик. Лекин бу – муддатли шартнома. Агар натижасини берса, давом эттирилади. Натижа бермаса, бошқа бошқарув усулларидан фойдаланиш йўллари кўрилади”, – деди Соҳибжон Муродов.

Таъкидланишича, УзПост'нинг республика бўйича 1600 дан ортиқ тарқатиш нуқтаси мавжуд. Улар мамлакатнинг 280 та туман ва шаҳрини қамраб олади.

“Почтанинг бутун республика бўйича 280 та туман ва шаҳарда 1600 дан ортиқ тарқатиш нуқтаси бор. Ҳатто чекка маҳаллага борсангиз ҳам, одамлар почта қаердалигини билади. Чунки йиллар давомида бунга ўрганишган. Бу Узум учун ҳам, Вилдберриес учун ҳам жуда жозибадор”, – деди Давактив директори.

У “Ўзбекистон почтаси” Узум билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.

“Узум билан ҳам ҳозир почтанинг мингдан ортиқ шартномаси бор. Худди шундай Вилдберриес билан ҳам ҳамкорлик мавжуд. Фақат биз бу ҳақда жамоатчиликка етарлича ахборот бермаганимиз сабабли сизларда шундай саволлар туғилиши табиий. Биз ҳар иккала компания билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз”, – деди Муродов.

Маълум қилинишича, “Ўзбекистон почтаси”ни тўлиқ хусусийлаштириш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.

“Почта бўйича хусусийлаштириш масаласида ҳали тўлиқ қарор қабул қилинмаган. Биринчи навбатда халқаро тажрибага эга бўлган, бозорда ўз ўрнига эга соҳавий компанияларнинг тажрибасини киритмоқчимиз. Агар фоизсиз қарз маблағларини жалб қилиш бўйича [Вилдберриесбилан] келишувга эришсак, бу ҳақда ҳам жамоатчиликка ахборот эълон қиламиз”, – деди Соҳибжон Муродов.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.