Спорт

«Дарвозабонлар масаласида инқироз бор» - Осиё кубоги олдидан миллий жамоанинг оғриқли нуқталари ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашуви терма жамоанинг кучли ва заиф нуқталарини яна бир бор кўрсатди. Каннаваро қуришга уринаётган янги жамоа нимаси билан Катанес давридагидан фарқ қилади? Машарипов, Шукуров ва бошқа тажрибали футболчиларнинг термага қайтиш имконияти борми? Kun.uz Спорт миллий жамоанинг Осиё кубоги олдидан имкониятларини муҳокама қилди.

«Дарвозабонлар масаласида инқироз бор» — Осиё кубоги олдидан миллий жамоанинг оғриқли нуқталари ҳақида

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Бобур ака, Жанубий Корея билан ўйинни бирга кўрдик. Нима кутгандингиз ва нимани кўрдингиз?

Бобур Акмалов:

Ҳозир Ўзбекистон миллий жамоасидан кутганларим тўлиқ оқланмаяпти. Бунинг обьектив сабаблари бор. Каннаваро фаолиятини энди бошлади, десак тўғри бўлади. Жаҳон чемпионатигача ва жаҳон чемпионатида унинг ишини тўлиқ баҳолаш учун етарли материал бўлмади.

Энди у ўз жамоасини шакллантиряпти, ўзи истаган футболчиларни таркибга қўшяпти ва натижа учун тўлиқ жавоб берадиган босқичга келди. Шу боис мен ҳозир Каннаваронинг «чизгилари»ни, унинг жамоаси аввалги терма жамоадан нимаси билан фарқ қилишини кўришни хоҳлардим. Бу аста-секин намоён бўляпти. Балки Осиё кубогигача манзара тўлиқ шаклланар.

Бу ФИФА кунларида янги футболчиларнинг тажрибали футболчилар билан уйғунлашувини ҳам кузатдик. Эрон, Сурия ва энди Жанубий Корея билан ўйинлар бизга муайян хулосалар учун материал берди.

Мен эсини таниганимдан бери кўрган Жанубий Корея терма жамоалари орасида ҳозиргиси, эҳтимол, энг кучсизларидан бири. Аксинча, ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси мен кўрган Ўзбекистон жамоалари орасида энг кучли икки-учталикка киради.

Шунга қарамай, бу уч ўйин бизга айрим деталларни кўрсатади, аммо ҳали тўлиқ манзарани эмас. Каннаваро ҳам изланишда. Шу сабаб ҳозир унга ортиқча босим ёки танқид йўлламаган бўлардим.

Кореяга қарши ўйинда менга ёққан жиҳатлар бўлди. Айрим беш-ўн дақиқалик бўлакларда яхши босим қилдик, яхши ҳаракатландик. Аммо якунда муаммо бор. Охирги пас ёки охирги зарбадаги кичик хатолар, устига-устак Кореянинг яхши ҳимояланиши камчиликларимизни очиб берди. Айниқса, ҳимояда ва энг оғриқли нуқтамиз — дарвозада.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Жанубий Корея ҳар қачонгидан заифроқ эканини ҳатто корейс медиаси ҳам ёзмоқда. Ўйиндан олдин ғалаба ёки ҳеч бўлмаганда дурангга умид бормиди?

Бекзод Исаев:

Олдинги икки ўйиндан кейин эйфорияга берилиб, «Кореяни ҳам ютамиз» деган фикр менда йўқ эди. Чунки биз сўнгги пайтларда бундай жамоалар билан деярли ўйнамаяпмиз. Эрон билан кўп ўйнаймиз, орада араб давлатлари жамоалари бор. Аммо қитъанинг бошқа қисмидаги кучли жамоалар билан ўйинлар кам.

Уларнинг ўйин тезлиги барибир бизникидан юқори. Жаҳон чемпионатида салбий натижа қайд этган, ўз юртида танқид қилинаётган бўлса ҳам, Кореянинг футболи бизникидан фарқ қилади.

Шу билан бирга, бугунги ўйинни кўриб, 10-15 йил олдинги Ўзбекистон терма жамоасини эсладим: ҳужумкор, кучли рақиб билан тенгма-тенг ўйнашга қодир жамоа. Фарқ айрим деталларда қоляпти.

Биринчи таймда тўп назоратида ҳам устунликка эришган пайтларимиз бўлди. Вазиятлар яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Иккинчи таймда эса чарчоқ сезилди.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Дарвозабон масаласига ўтайлик. Ўткир Юсупов бу йиғинга чақирилмади. Назаровни кўрдик, Кореяга қарши Абдувоҳид Неъматов ўйнади. Бу муаммо тобора катталашиб бораётгандек эмасми?

Бобур Акмалов:

Дарвозабонлар муаммоси бор ва у азалдан, Катанес давридан мавжуд. Ўткир Юсуповни жаҳон чемпионатига олиб чиққан сейвлари, қайтарган пеналтилари учун эътироф этамиз. Аммо бир қатор ўйинларда у қайтариши керак бўлган зарбаларни ўтказиб юборганини ҳам кўрганмиз.

Абдувоҳидга келсак, майдонда унинг хатоларини «Насаф»да ҳам, жаҳон чемпионатида ҳам кўрдик. Бугунги биринчи голда, очиғини айтганда, тўп Абдувоҳидники эди. Иккинчи голда ҳам бироз олдинга чиқиб, позициясини йўқотди ва бош билан берилган зарбага улгурмай қолди.

Хато ҳаммада бўлади. Аммо унинг мунтазам такрорланиши — ёмон сигнал. Катта турнирда рақиблар ҳар бир дарвозабонимизнинг камчилигини ўрганади. Кимдир чиқишда хато қилади, кимдир ўзига келган зарбаларни қайтаришда қийналади, яна кимдир тўпни олдига қайтаради. Замонавий футболда буларнинг барчаси таҳлил қилинади.

Ҳозир бирорта дарвозабонимиздан 100 фоиз кўнглимиз тўқ эмас. Менимча, Каннаварода ҳам худди шу муаммо бор. Абдувоҳид, Ўткир, Владимир Назаров ёки Ботирали Эргашевнинг энг яхши хусусиятларини битта дарвозабонга жамласак, балки идеал посбон чиқарди. Аммо ҳар бирининг яхши жиҳатлари билан бирга камчиликлари ҳам бор.

Шу сабаб Каннаваронинг бошқа танлови ҳам кўп эмас. Бор дарвозабонлар билан турнирга тайёрланишга мажбурмиз.

Бир пайтлар Нестеровни, ундан олдин Бугалони мақтаганмиз. Албатта, уларда ҳам камчиликлар бўлган. Аммо Катанес жамоани қабул қилиб олган даврдан ҳозиргача қарайдиган бўлсак, айнан дарвозабон позициясида пасайиш бор.

Айниқса, ҳимоямизда кучли футболчилар кўпайиб бораётгани фонида бу янада яққол кўриняпти. Ҳужум ва ҳимоя чизиғимиз яхши. Муаммо асосан икки чизиқда — яримҳимоя ва дарвозада.

Бир неча йил аввал Денис Иванков билан суҳбатда у қизиқ фикр айтган эди: «Сизлар ҳозир сезмаяпсизлар, аммо ўзбек футболида дарвозабонлар регрессга кетяпти». Сабабини сўраганимизда, Суперлига клубларида профессионал дарвозабонлар мураббийлари етишмаслигини айтганди.

Дарвозабонни тайёрлаш фақат олтита тўпни отиб, у ёқдан бу ёққа сакратиш эмас. Унинг алоҳида техникаси, машғулот дастури бўлиши керак. Афсуски, бугун ўша муаммонинг натижасини кўряпмиз.

Бекзод Исаев:

Менимча ҳам, ҳозир ўзбек футболида дарвозабонлар инқирози кузатиляпти. Ўткир Юсуповнинг жаҳон чемпионати саралашидаги қаҳрамонлигини биламиз. Лекин ундан олдин Осиё кубогида оддий зарбани ўтказиб юборганини ҳам кўрганмиз.

Ҳозир Абдувоҳидда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Катта ва муҳим ўйинларда босимни ҳис қилаётгандек. Корея ҳам бизни яхши ўрганган. Ўзига келган, мураккаб бўлмаган зарбани қайтара олмасликни очиқчасига дарвозабон хатоси дейиш керак.

Лекин муаммо фақат дарвозабонда эмас. Марказий ҳимояда ҳам боғлам ишламаяпти. Иккинчи голда футболчилар орасида катта масофа пайдо бўлди ва кореялик футболчи бемалол гол урди.

Шу нуқтаи назардан Ҳусниддин Алиқуловнинг тезроқ сафга қайтишини кўпчилик кутяпти. Бугунги ўйин унинг миллий жамоа учун қанчалик муҳим футболчи эканини яна бир бор кўрсатди.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Эрон билан чиройли ғалаба қозондик. Бугунги мағлубият фонида ўша натижанинг қиймати йўқолиб кетмайдими?

Бекзод Исаев:

Оддий кўча футболида ҳам бир рақиб билан жуда кўп ўйнасангиз, аввал доим ютқазган бўлсангиз ҳам, бир куни юта бошлайсиз. Биз Эрон билан муносабатларда шу босқичга келдик.

Бизнинг футболимизда ўсиш бор. Футболчиларимиз Европага чиқяпти, даража кўтариляпти. Эронда эса авлодлар алмашинуви оғир кечяпти. Биз анчадан бери биладиган Азмун, Таремийлар ҳали ҳам бор. Буни Эрон матбуотининг ўзи ҳам йиллардан бери танқид қилади.

Бизда эса авлодлар алмашинуви яхшироқ кечди. Деярли ҳар йиғинда битта-иккита янги футболчи пайдо бўляпти. Беҳруз Каримов, Муҳаммаджонов каби футболчилар кириб келяпти. Улар рақиб учун ҳам янги ва номаълум футболчилар.

Шу сабаб Эронни ютаётганимиз фақат бизнинг жуда кучайиб кетганимиз эмас, балки уларда авлодлар алмашинуви яхши кечмаётгани билан ҳам боғлиқ.

Бобур Акмалов:

Эрон билан шу қадар кўп ўйнаяпмизки, охирги матбуот анжуманида ҳатто форс тилидан ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қиладиган таржимон ҳам бор эди.

Эрон ҳозир биз учун асосий ўлчов бўлолмайди. Биздаги прогресс улардаги регресс билан бир вақтга тўғри келди. Тўрт-беш йил олдин Эрон билан дуранг ўйнасак ёки улардан ўта олсак, «шу даражага етибмиз», деб хурсанд бўлардик.

Энди маррани ўзгартиришимиз керак. Янги ўлчов — Жанубий Корея, Япония каби Осиёнинг энг кучли жамоалари.

Бизда ўсиш бор. Рейтингда кўтарилдик, рақиблар биз билан ҳисоблашяпти, легионерларимиз сони ва сифати ошди. Аммо жамоада қанча яхши футболчи бўлмасин, улар ўртасида тушуниш ва боғламлар бўлмаса, алоҳида-алоҳида юлдузлар жамоаси бўлиб қолаверади.

Кореянинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам бир нарсани унутмаслик керак. «Корея пасайди» деганимизда, уларни Ўзбекистон ёки Эрон билан эмас, Кореянинг энг кучли даври билан таққослаймиз. Улар ўзларининг юқори даражасидан пасайган.

Аммо ана шу пасайган даража ҳам Ўзбекистонни бугунги кўринишда мағлуб этишга етарли бўлди. Биз айнан шундан хулоса чиқаришимиз керак.

Шу билан бирга, бу ўртоқлик учрашуви ва Каннаваронинг экспериментлари ҳали давом этаётганини ҳам унутмайлик. У ким нимани бера олишини текширяпти. Шу сабаб ҳозир жамоа ҳақида якуний ҳукм чиқармаган бўлардим.

Каннаваронинг асосий имтиҳони — Осиё кубоги. Ўша пайтгача жамоани тайёрлай олса, тўғри йўлдан кетганини айта оламиз. Тайёрлай олмаса, энг катта имтиҳонини бой берган бўлади.

Бобур Акмалов:

Янги чақирилганлар орасида кимни ўзингиз учун кашф қилдингиз?

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Мен учун Муҳаммаджонов кашфиёт бўлди. У шахсан мен учун бироз мавҳум футболчи эди. «Андижон»да ўйнади, кейин легионерга айланди. Фаррух Сайфиев чақирилмагач, Шерзодга рақобатчи ким бўлади, деган савол бор эди.

Муҳаммаджонов биринчи ўйиннинг ўзида яхши рейд қилиб, ассист амалга оширди. Шу сабаб мен учун ушбу йиғиннинг кашфиёти шу футболчи бўлди.

Акмал Мозговой ҳам миллий жамоага жуда яхши қўшиляпти. Лекин биз унинг бундай ўйинларини аввал ҳам кўрганмиз. Муҳаммаджонов эса мен учун янгилик бўлди.

Бекзод Исаев:

Мен учун Муҳаммаджонов янгилик эмас. Уни Темур Кападзе бошқарган Олимпия жамоасидан бери биламан. Ўша катта натижаларга эришган жамоанинг ажралмас қисми эди.

У қанотдаги рейдларини доим кўрсатиб келган. Кейин «Андижон»да ўйини унчалик чиқмаган. Бу мураббий, схема ва бошқа омилларга ҳам боғлиқ. Легионер бўлгач яна ўзини кўрсата бошлади ва миллий жамоага бекорга чақирилмаганини исботлади.

Ҳозир муаммоли позицияларимиздан бирида энг оптимал вариантлардан бири бўлиб кўриняпти. Буни Каннаваронинг топилмаларидан бири десак бўлади.

Мозговойни ҳам қўшган бўлардим. Беҳруз Каримов эса аллақачон асосий таркиб футболчисига айланиб улгурган. Ҳожиакбар Алижонов қайца, ўнг қанотда рақобат янада кучаяди.

Лекин ҳозир асосий масала алоҳида футболчилар эмас. Асосийси — уларнинг ўзаро «кимёси». Катанес жамоасида деярли бир хил схема ва бир хил футболчилар ўйнарди. Улар кўзини юмган ҳолда ҳам кейинги пас кимга боришини, шериги қаерда очилишини биларди.

Янги жамоага вақт керак. Каннаварога ҳам, футболчиларга ҳам. Янги ва эски футболчилар бир-бирини тушуниб олиши зарур. Тўпни қабул қилаётганда кейинги ҳаракатини олдиндан билиши керак. Биз Корея ва Япониядан айнан майдонда фикрлаш тезлиги бўйича ҳам ортдамиз.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Бу йиғинда аввалги жамоа лидерларидан Ўткир Юсупов, Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов, Рустам Ашурматов, Остон Ўрунов, Игор Сергеев ва бошқа бир қатор футболчилар чақирилмади. Уларнинг миллий жамоада ҳали келажаги борми ёки Каннаваро шу таркиб билан Осиё кубогига борадими?

Бобур Акмалов:

Эътибор берсак, ҳозир чақирилмаган футболчиларга эҳтиёжни қаттиқ ҳис қилмаяпмиз. Бирорта позицияда «фалончи бўлганида эди» деган фикр туғилмади.

Машариповни ҳам, Отабекни ҳам, Сергеевни ҳам назарда тутяпман. Сергеев айрим ўйинларда бошқача типдаги ҳужумчи сифатида керак бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги футболчилар ўрнига албатта фалончи бўлиши шарт эди, деган фикр йўқ.

Аббос бор, Ғаниев бор, Мозговой бор, марказда Ҳамробеков. Янги жамоа шаклланяпти.

Лекин бизга кўп хизмат қилган, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ҳиссаси бўлган тажрибали футболчилар учун эшик ёпилган эмас. Каннаваро ҳам эшик ҳамиша очиқлигини айтди.

Отабек ҳам, Жалолиддин ҳам, Игор ҳам қайтиши мумкин. Бу энди уларнинг ўзига боғлиқ. Агар ўзини яна мотивация қила олса, «миллий жамоада ҳали ишим бор» деб ҳисобласа, исталган ёш футболчига рақобатчи бўла олади.

Ҳали ҳеч ким уларнинг устидан чизиқ тортган эмас.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Бу футболчилар узоқ йиллар миллий жамоада ўйнаган ва уларнинг шахсий мухлислари ҳам кўп. Шунинг учун «нега у йўқ, нега бу йўқ?» деган саволлар бўлди.

Лекин ушбу йиғиндаги учта ўйин бир нарсани кўрсатди: термага янги кириб келаётган футболчилар берилган кичик имкониятдан максимал фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Худди бу уларнинг сўнгги имкониятидек.

Шунинг учун таркиб жуда тез янгиланяпти. Бугун мағлуб бўлдик, айрим камчиликлар бор. Аммо ўша камчиликларни муҳокама қилаётганда «бу позицияда чақирилмай қолган фалон футболчи бўлганида муаммо ҳал бўларди», дея олмаяпмиз.

Фақат дарвозабон позицияси энг оғриқли нуқта бўлиб қоляпти. Энг ёмони, бу ерда ҳам «фалончи бўлганида эди» деб айтадиган аниқ номимиз йўқ.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Каннаваро дарвозабонларга имконият беришини кўп айтади. Жаҳон чемпионатида ҳам Ўткир Юсупов бир ўйиндан кейин алмаштирилганида буни мураббий қарори эканини айтганди.

Каннаваро эса «учта яхши дарвозабонимиз бор, ҳаммасига имконият беришни истайман» деганди. Аммо учинчи дарвозабонни кейинги ўйинда ҳам туширмади.

Ҳозир ҳам шундай савол бор: нега Эдем синаб кўрилмаяпти?

Дарвозабонлар инқирози бўлса, уни айнан ҳозир синаб кўриш керак. Кейинги йиғинда кеч бўлиши мумкин. Чунки ноябр ва декабрдаги йиғинлар Осиё кубоги олдидан ҳал қилувчи босқич бўлади. Ўша пайтга келиб Каннаваро асосий таркибини белгилаб олган бўлиши керак.

Бекзод Исаев:

Эдемнинг яна бир қизиқ жиҳати бор: машғулотларда у фақат дарвозабонлар билан эмас, майдон футболчилари билан ҳам кўп ишлаяпти. Уни янги авлод дарвозабони сифатида кўраётган мутахассислар бор. Ундан ҳам, Самандардан ҳам умид қиламиз.

Бекзод Исаев:

Биз узоқ вақт ишлатган 5-2-3 схемасидан 4-3-3 га ўтаётгандекмиз. Бу ўзгаришнинг ижобий ва салбий томонлари нимада?

Бобур Акмалов:

Мен ҳозирча фақат ижобий томонларини кўряпман. Жамоанинг ўйинида ранг-баранглик, ҳужумкорлик пайдо бўлди.

Аввалги схема Каннаваронинг асосий ищи схемаси эмас эди. У жаҳон чемпионатига оз вақт қолганда жамоани қабул қилиб олди ва Катанес тўрт йил давомида қурган тизимни радикал ўзгартириб юбормасликка қарор қилди. Ўша футболчилар, ўша схема билан давом этди.

Энди эса унинг ўзи хоҳлаган футбол, ўзи хоҳлаган схема ва ўзи танлаган футболчиларни кўряпмиз.

Ҳусниддин Алиқулов қайца, ҳимоя янада яхшиланади. Ҳимояни бошқаришда унинг ўрни билинади.

Янги схема билан жамоа аввалгидан ҳужумкорроқ. Тўп кўпроқ бизда, вазиятлар кўпроқ яратилмоқда. Корея билан ўйин статистикаси ҳам буни кўрсатди.

Каннаваро бора-бора айнан шу схемага мос футболчиларни чақиряпти. Тўрт ҳимоячи билан ўйнашни биладиган футболчилар келади, марказ ва ҳужумда ҳам худди шу принсип ишлайди.

Шунинг учун мен бу ўзгаришда ҳозирча плюс кўряпман.

Каннаваронинг яна бир яхши жиҳати бор. У жуда кучли ёки жуда тажрибали мутахассис эмаслигини унинг келишидан олдин ҳам айтганмиз. Аммо у келди ва бу энди воқелик. Биз ҳам унинг Ўзбекистонда муваффақият қозонишини хоҳлаймиз.

Унинг матбуот анжуманларидаги муносабатига ҳам эътибор бердим: ҳозиргача бирорта футболчисини омма олдида ёмонламаган. Кимнидир таркибдан чиқарса ҳам, унинг камчиликларини санаб ўтирмайди. Қўл остидаги футболчиларини имкони борича ҳимоя қилади.

Бекзод Исаев:

Жаҳон чемпионатидан кейин унинг маоши, штаби, ўйин услуби, ҳатто меҳмонхонадаги ҳаётигача муҳокама қилинганини санаб ўтди.

Кейин: «Мен битта нарсадан хурсанд бўлдим — терма жамоамга ҳеч қандай гап тегмади. Ҳамма зарбани мен қабул қилдим, шогирдларим эса зарба олмади», деди.

Бу унинг футболчиларини ҳимоя қилишга қандай муносабатда эканини кўрсатади.

Яхёхўжа Улуғхўжаев:

Каннаваро Ўзбекистонга келганида ҳам уч марказий ҳимоячи билан ўйнаган пайтлари бўлган. Аммо Катанес услубидан фарқли равишда футбол ҳужумкорроқ эди. Комбинациялар бор эди, ўйин фақат «Шомуродовга пас беринг, у тезлиги билан кетади» деган схемага қурилмаганди.

Жаҳон чемпионати олдидан эса бошқа вазият юзага келди. Бу Ўзбекистоннинг илк мундиали эди, ҳамма қараб турганди. Услубни кескин ўзгартириш учун вақт кам эди. Шу сабаб ишлаб турган тизимни сақлаб қолиш қарори қабул қилинди.

Аммо энди ўйлаб қарасак, эҳтимол, бу хато бўлган.

Фақат ҳимоя ҳақида ўйлайдиган жамоа ғалабадан кўра мағлубиятга яқинроқ туради. Ҳужум қиладиган жамоа эса гол уриб, ғалаба қозониши мумкин. Замонавий футбол буни кўп марта кўрсатган.

Ҳозир биз ҳужумкор ўйнаяпмиз. Иккита ўйинни ютдик. Кореяга қарши эса мағлуб бўлдик.

Менинг битта хавотирим бор: энди кимдир Каннаварога «ҳужумкор футбол билан кучли жамоани барибир юта олмадик» деган хулосани сингдириб, уни яна ҳимоявий футболга қайтариб қўймаслиги керак.

Чунки бугун фақат ҳимояни ўйлаганимизда, Корея билан ҳатто тенгма-тенг ўйнай олмасдик. Кореяда Кореяга қарши тўп назоратида деярли тенг кўрсаткич қайд этишимизни ким ўйлабди?

Бекзод Исаев:

Агар айрим футболчиларнинг индивидуал хатоларини четга чиқарсак, статистикада ҳам, тактик, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳам Корея билан тенг ўйнаган паллаларимиз бўлди.

Аммо тез ўтказиб юборилган гол режамизни ўзгартириб юборди. Биз ўзимизга қулай бўлган қарши ҳужум футболини ўйнай олмадик. Ўйин бошидан тезкор рақибни қувишга мажбур бўлдик.

Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта. Аммо битта нарса аниқ: жамоа ўзгаряпти. Энди бу ўзгариш Осиё кубогигача қай даражада тайёр тизимга айланиши — Каннаваронинг энг катта имтиҳони бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.