Дарсларнинг 60 фоизи амалиёт: Наманган ва Бухорода Австрия билан таълим марказлари очилади
Наманган ва Бухоро шаҳарларида Австриянинг ИМС Кремс амалий фанлар университети билан ҳамкорликда меҳмонхона менежментига ихтисослашган иккита касбий таълим маркази ташкил этилади. Уларда ўқув машғулотларининг камида 60 фоизи амалий дарслардан иборат бўлади.

Дарсларнинг 60 фоизи амалиётга асосланади: Наманган ва Бухорода Австрия билан таълим марказлари очилади
«Дунё» ахборот агентлигининг Аустриа интернет нашрига таяниб хабар беришича, ИМС Кремс университети ва Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги ўртасида кенг кўламли таълим ҳамкорлиги бўйича келишув имзоланган.
Янги марказларда туризм соҳаси учун малакали мутахассислар ҳамда ўқитувчилар тайёрланади. Таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш ҳам лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланган.
Марказларда ўқув меҳмонхоналари ташкил этилади. Талабалар уларда меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхона хўжалигини юритиш ва ресторан хизмати бўйича амалий кўникмаларни эгаллайди.
Маҳаллий ўқитувчиларни Траин-тҳе-Траинер, яъни тренерларни тайёрлаш модели асосида ўқитиш ва сертификатлаш ҳам режалаштирилган. Бу орқали Австрия тажрибасини Ўзбекистон касбий таълим тизимига кенгроқ жорий этиш кўзда тутилмоқда.
ИМС Кремс университети Ўзбекистонда аввалдан ҳам таълим лойиҳаларида иштирок этиб келади. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликдаги дастурларда 200 нафардан ортиқ талаба Австрия университети стандартлари асосида таҳсил олмоқда.
Янги марказлар туризм соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Хабарда марказларнинг очилиш санаси ва қабул шартлари келтирилмаган.

