«Дарс» премераси: байрам арафасида устоз қадри ҳақидаги филм томошабинларга тақдим этилди
«Дарс» — устоз, китоб ва инсоннинг ўзгариши ҳақидаги самимий ҳикоя. Филм воқеалари бош қаҳрамон Ойқизнинг

«Дарс» премераси: байрам арафасида устоз қадри ҳақидаги филм томошабинларга намойиш этилди
Кеча, 24-сентябр куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Дарс» бадиий филмининг премераси бўлиб ўтди. 1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Контент маркази ва Маъно Синема томонидан тақдим этилган ушбу филм томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.
«Дарс» — устоз, китоб ва инсоннинг ўзгариши ҳақидаги самимий ҳикоя. Филм воқеалари бош қаҳрамон Ойқизнинг орзулари, хатолари ва ҳаётий синовлари атрофида шаклланган. Томошабин унинг шошқалоқ ва хаёлпараст қиздан мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва етук инсонга айланиш жараёнини кузатади.
Ханифа хола образи орқали эса яхши устоз инсон тақдирида қанчалик катта из қолдириши мумкинлиги ёритилади. Устоз-шогирд муносабатлари, таълим-тарбия ва китобхонлик филмда оддий ғоя сифатида эмас, балки қаҳрамонлар ҳаётини ўзгартирувчи куч сифатида кўрсатилади.
Премера давомида филмдаги самимий ва ҳаётий саҳналар томошабинларда айниқса катта қизиқиш уйғотди. Филм тугагач эса залдаги илиқ муносабат «Дарс» кўтарган мавзулар томошабинга етиб борганини кўрсатди.
Картинада баландпарвоз шиорлар ёки сунъий драматизмдан кўра инсонийлик, меҳр-оқибат, устоз қадри, китоб ва миллий қадриятлар олдинги ўринга чиқади. Шу жиҳати билан «Дарс» нафақат томоша қилиш, балки филмдан кейин ҳам бироз мулоҳаза қилишга ундайдиган кино бўлган.
25-сентябрдан «Дарс»ни юртимиз кинотеатрларида томоша қилиш мумкин.

