Даниянинг 19 ёшли маликаси ҳарбий хизматга кетди

Дания маликаси Изабелла, қирол Фредерик Х нинг 19 ёшли қизи, ҳарбий хизматга кирди. Бу ҳақда Деуцче Велле маълум қилди.
Малика Изабелла Зеландия оролидаги Слагелсе шаҳри яқинида жойлашган Гвардия гусар полкида 11 ой давомида хизмат қилади. У ушбу бўлинма ҳарбий хизматчиларига бериладиган тахминан 9 минг Дания кронаси (1,38 минг АҚШ доллари) миқдоридаги маошдан воз кечишга қарор қилди.
Хизматнинг дастлабки беш ойи асосий ҳарбий тайёргарликни ўз ичига олади, қолган олти ой эса штат мажбуриятларини бажаришга бағишланади. Унинг акаси, валиаҳд шаҳзода Кристиан ҳам худди шу полкда хизмат қилганида армия маошидан воз кечган эди.
Европадаги хавфсизлик вазиятининг кескинлашуви туфайли Данияда ҳарбий хизмат муддати 4 ойдан 11 ойга узайтирилди. Шунингдек, 2027-йилдан бошлаб 18 ёшга тўлган қизлар учун ҳам ҳарбий хизмат мажбурий этиб белгиланди. 2026-йилда мамлакат армиясига хизмат қилиш учун 1600 нафар йигит ва қиз йўл олган. Дания Норвегия ва Швециядан кейин аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни жорий этган НАТОнинг учинчи давлати ҳисобланади.

