Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати пасаяди

Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда.
“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 21-август, жума куни кундузи мамлакат бўйлаб 36-39 даража, жанубий ҳудудларнинг айрим жойларида эса 41-43 даражагача иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Республиканинг аксарият қисмида ҳаво кам булутли бўлади, фақат Қорақалпоғистон Республикасида куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Дам олиш кунлари республика бўйлаб ҳаво бироз булутли бўлиши прогноз қилинмоқда. Ҳарорат кечалари 18-21 даражагача, кундуз кунлари эса 32-35 даражагача, жанубда эса 37-40 даражагача пасаяди. Кўпчилик вилоятларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат Фарғона водийсида 22-август, шанба куни айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол тезлиги 7-12 метр/секундни ташкил этади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучайиши мумкин. 22-августда республиканинг жанубий ҳудудларида шамол тезлиги 22-25 метр/секундгача етиши эҳтимоли бор. Республиканинг айрим жойларида шамолнинг кучайиши чанг-тўзон билан бирга кузатилади.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади, 10-12 метр/секундгача кучайиши, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзон билан бирга кузатилиши мумкин.
Жума куни кундузи ҳаво ҳарорати 36-38 даража, дам олиш кунлари эса 32-35 даража бўлади. Кечалари ҳарорат 18-21 даража атрофида сақланиб қолади.
Аввалги прогнозларда август ойи охирига келиб Ўзбекистон ҳудудига нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши мумкинлиги айтилган эди. Натижада кундузги ҳарорат аста-секин 25–30 даражагача пасайиши кутилмоқда.

