Бошқа

Дадамнинг бир гаплари...

Ғаразли ёлғон янги қорилган хамирга ўхшайди - ҳаш-паш дегунча кўпчийди, тоғорадан ошиб чиқади ва... оширилган

**Дадамнинг бир гаплари...**

**Бошқа**

Бир дўстимиз ҳар ойда бир-икки марта газета таҳририятига ўзи олган суратлар билан бирга мақола олиб келарди. Биз мақолани икки-уч марта қайта ёзиб, тузатиб-тўлдириб бўлса ҳам чоп этардик. Бунга мажбур эдик, чунки дўстимиз суратга олишда жуда моҳир эди.

Мен унга кўп марта: "Сен мақола ёзма, фақат суратга олавер, айтмоқчи бўлган гапингни суратларинг айтиб турибди-ку", деганман. Шунга қарамай, у "Ушбу суратда сиз кўриб турган ёш пахтакор (пиллакор, чорвадор) узоқ йиллардан бери йиллик режани ҳамиша ошириб бажаради", деб мақола ёзишдан, биз эса унинг авра-астарини ағдариб, таҳрир қилишдан чарчамадик. У ўзини журналист деб ҳисоблар, суратга олишни эса шунчаки ҳаваскорлик деб биларди.

Дўстимиз пенсия ёшига етганида фотосуратлар танловида ғолиб бўлиб, умрида биринчи марта мукофот олди. Қўли пул кўрди. Жўраларидан бири: "Сураткашлик – сенинг ёзуғинг, бошқа ишларга аралашмай, шу касбнинг орқасидан қувганингда бундан ҳам катта мукофот олган бўлардинг", деди. Афсуски, у жўрасининг бу куйинишини тушунмади.

Бу ёруғ оламда бир умр бошқа касбда, бошқа мартабада, бошқа касб ва қиёфада юрган одамлар оз эмас.

**Илдиз**

Илдизи йўқ кўчат фақат ўтинга ярайди. Боғбон уни бир четга суриб қўяди, кўкарадиган, барг ёзиб, мева тугадиганлари атрофида парвона бўлади. Мураббийлар хаёли бутунлай бошқа нарсалар билан банд "илдизсиз" шогирдларга ҳам бошқалар қатори сабоқ беришади, бир нималарни тушунтиришади. Бу ҳаракатларининг беҳудалигини билиб туришса ҳам, боғбон каби уларни бир четга суриб қўймайди.

**Теша тегмаган гап**

"Теша тегмаган гап" дегани янги, фавқулодда муҳим гап эмас, негадир уни биз шу маънода тушунамиз. Аслида, пишмаган, хом, ғадир-будир, кўнгилни кирлаб қўядиган тешаталаб гап у. Ҳаётда бундай гаплар шу қадар кўпки, ҳаммамиз бошқа ишларни қўйиб, нуқул теша тайёрлаш билан машғул бўлганимизда ҳам бу муаммони ҳал қила олмаймиз.

**Ёғ**

Дадамнинг бир гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди: "Этикдан: "Ҳой этик, қачон йиртиласан?" деб сўрашса, у "Ёғ билади", деб жавоб қайтарган экан. Дунёда этик кўп, ёғ эса оз..."

**Шеър**

Бир ота таҳририятга қизини етаклаб олиб келди. "Кенжатойимиз, шоира, ҳар куни камида учта-тўртта шеър ёзади. Учта китобни чиқардик. Тўртинчиси тайёр. Мукофотга қўймоқчимиз. Газетада чиқса, қанақа хизмат бўлса тайёрмиз", дея менга виқор билан қаради. Бир даста шеърни икки-уч бор ўқиб, аранг биттасини танладим. "Майли, овора бўлиб келибсизлар, таҳрир қилиб, шу биттасини чиқаришга ҳаракат қиламиз", дедим.

Бу гап ота учун томдан тушган тарашадек бўлди. Лекин ўзини йўқотмади. Хайрлашаётганимизда шоира қизининг кўнглини кўтарди:

– Майли, қизим, хафа бўлма, газетага ўтмаса, китобга ўтади. Китоб шўрликка раҳмим келиб кетди.

**Оширилган ёлғон**

Ғаразли ёлғон янги қорилган хамирга ўхшайди - ҳаш-паш дегунча кўпчийди, тоғорадан ошиб чиқади ва... оширилган ёлғонга айланади.

**Илтифот**

"Кутилмаган меҳмон – йўнилмаган таёқ" деган гап бор. Кутилмаган илтифот ҳақида шу чоққача биров бир нима деганми-йўқми – билмай турибман. Балким мен ўқимаган китобларда бордир. Билганим шуки, кутилмаган илтифотнинг кам деганда учта хавфли панжаси бор - оғизни мойлайди, кўзни бойлайди, кўнгилни лойлайди.

Аҳмаджон Мелибоев

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.