Собалтънинг ички бозордаги сотувлари ишлаб чиқариш кўрсаткичидан 2 баробаргача тушиб кетди
2026-йилнинг биринчи ярмида УзАуто Моторс қарийб 83 минг дона Собалт ишлаб чиқарди ва шундан фақат 41 мингтасини (49 фоиз) маҳаллий харидорларга сота олди. Ички бозорда бу моделга бўлган талаб бир йилда салкам 40 фоизга қулади: ўтган йили январ-июн ойларида ўзбекистонликлар дилерлардан қарийб 68 мингта Собалт сотиб олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 41 мингтага тушиб қолди.

Собалт автомобилининг ички бозордаги савдоси ишлаб чиқариш ҳажмидан икки баробар камайди.
УзАуто Моторс ўзининг энг оммабоп модели – Собалт автомобилини ишлаб чиқаришни оширган бўлса-да, ушбу моделнинг ички бозордаги сотувларида сезиларли пасайиш кузатилмоқда.
Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида 82 951 дона Собалт ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 минг донага ёки 13,5 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, "Ўзавтосаноат" томонидан тақдим этилган сотувлар статистикаси шуни кўрсатадики, жорий йилнинг биринчи ярмида УзАуто Моторс ички бозорда 40 936 дона Собалт сотган. Бу юқорида келтирилган ишлаб чиқариш ҳажмининг атиги 49 фоизини ташкил этади. Қолган қисми экспортга йўналтирилган бўлиши ёки омборларда ўз харидорини кутаётган бўлиши мумкин.
Ўтган йилнинг биринчи ярми билан солиштирганда, жорий йилда Собалтнинг ички бозордаги сотуви 39 фоизга қисқарган (67 580 донадан 40 936 донага, яъни 26 644 донага камайган).
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон январ-июн ойларида 130,4 миллион долларлик автомобиллар экспортини амалга оширган, бу кўрсаткич бир йил аввалгисидан 5 фоизга кам. Статистика қўмитаси, "Ўзавтосаноат" ва УзАуто Моторс автомобиллар экспортининг физик ҳажми ва моделлари бўйича маълумотларни эълон қилмайди.
Қозоғистонда Чевролет сотувлари 32 фоизга ошди
Шу билан бирга, УзАуто Моторснинг асосий экспорт бозори бўлган Қозоғистонда жорий йилда Чевролет сотувлари кескин ошган. Қозоғистон автомобил уюшмаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида бирламчи автомобил бозорида Чевролет сотувлари 32 фоизга ошиб, 17 586 донага етган. Шундан 16 370 донаси Собалт ҳиссасига тўғри келади.
Бу кўрсаткич билан Чевролет Қозоғистонда энг кўп сотилаётган автомобиллар рейтингида етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги Ҳюндаи сотувлари жорий йилда 28,6 фоизга қисқариб, 17 247 донага тушиб қолган (шундан 8601 донаси – Ҳюндаи Туссон). Учинчи ўринни 12 332 дона сотув (+8,9 фоиз) билан Киа эгаллаб турибди (энг кўп Киа Спортаге сотилган – 5200 дона).

