CNN, MS NOW ва Politico Трампнинг Оқ уйга қўйган тақиқи устидан даъво аризаси киритади
АҚШ оммавий ахборот воситалари «ҳукумат матбуот нимани хабар қилиши ёки нашр этишини ҳал қилмайди деган тамойилни» ҳимоя қилаётганликларини айтмоқдалар.

CNN, Politico ва MS NOW Оқ уйга киритилмаганидан кейин Трамп маъмуриятини судга беришларини маълум қилишди.
Президент Дональд Трамп жума куни ушбу тақиқни эълон қилиб, учта ташкилотни унинг ҳукумати ҳақида «уйдирма ёки ёлғон» ёзишда айблади.
Компанияларнинг билдиришича, шанба куни уларнинг мухбирлари бинога кирмоқчи бўлганида, уларга рухсат берилмаган ва бейжиклари олиб қўйилган.
Душанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда улар «Биринчи тузатиш бўйича ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш ва ҳукумат матбуот нимани хабар қилиши ёки чоп этишини ҳал қилмаслиги тамойилини ҳимоя қилиш» учун судга мурожаат қилаётганларини айтишди.
Биринчи тузатиш ҳукуматга матбуот эркинлигини «чеклашни» тақиқлайди — бу иборани судлар анъанавий равишда ҳукуматнинг оммавий ахборот воситаларини уларнинг ёритиш мазмуни асосида камситишини тақиқлаш деб тушунишади.
«Оқ уй ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ёки жараёнсиз, бизнинг хабарларимизга эътироз билдиргани сабабли журналистларимизнинг аккредитациясини бекор қилди», — дейилади CNN, Politico ва MS NOW баёнотида.
«Агар бунга эътироз билдирилмаса, бу матбуот эркинлигига ва жамоатчиликнинг ҳукумат аралашувидан холи бўлган мустақил журналистикага бўлган ҳуқуқига таҳдид солади».
Ўтган ҳафта тақиқни эълон қилар экан, Трамп бу қарорга сабаб бўлган бирон бир муайян мақола ёки хабарни тилга олмади, бироқ кейинроқ «бу шунчаки сўнгги бир неча йил ичида тўпланиб қолган мақолалардир» деди.
АҚШ президенти «уларга қўшиладиган бошқалар ҳам бўлиши мумкинлигини» қўшимча қилди.
Кейинроқ мухбир ундан нимани назарда тутганини сўраганда, Трамп шундай жавоб берди: «Сохта хабарлар борасида келадиган бошқаларми? Хўш, биласизми, New York Times — сохта хабар, Washington Post — сохта хабар».
У тез-тез янгилик ташкилотларини танқид қилиб келади ва унинг маъмурияти бир қанча нашрлар, жумладан, New York Times, Wall Street Journal ва BBC устидан судга даъво аризаси киритган.
Ушбу даъволарнинг баъзилари медиа ташкилотларининг кўп миллион долларлик келишувларга рози бўлиши билан якунланган. Трампнинг BBC устидан берган даъво аризаси бўйича суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда.

