Чорвоқда янги шамол электр стансияси ишга туширилди

Чорвоқда янги шамол электр стансияси ишга туширилди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватга эга бўлган шамол электр стансияси фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Стансиянинг очилиш маросими 20-август куни бўлиб ўтди. Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Ю Жун, шунингдек, вилоят ва туман ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекгидроенерго, энергетика ва қурилиш корхоналари вакиллари иштирок этишди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдорида беғараз грант ажратилди. Ушбу маблағ доирасида ҳар бири 5 МВт қувватга эга бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилди.
Стансиянинг умумий қуввати 20 МВт бўлиб, у йилига 50 млн кВт соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу эса қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳамда мамлакат энергетика тизими барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, стансия фаолияти натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ тежалади ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми сезиларли даражада камаяди.
Ушбу шамол электр стансияси қурилиши 2025-йил июлида бошланган эди. Бунинг учун Тошкент вилояти ҳокимининг қарори асосида 10 гектар ер ажратилган эди.

