Маҳаллий

Чироқчида мактаб директори қўшимча дарс соатларини сотгани учун икки йилга қамалди

Чироқчи туманида мактаб директори қўшимча дарс соатларини ажратиш эвазига пул талаб қилгани учун 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ўқитувчига қўшимча дарс соатлари бериш эвазига пул сўраган мактаб директори 2 йилга қамалди.

Маълум бўлишича, фуқаро 2022-йил июнидан бери тумандаги мактаблардан бирида директор лавозимида ишлаб келган.

Жорий йил май ойида мактабнинг фан ўқитувчиси 2026/2027-ўқув йилида дарс соатларини кўпайтиришни сўраб директорга мурожаат қилган. Раҳбар аввалига бунга рози бўлмаган, бироқ 1000 доллар берса, қўшимча дарс соати ажратилишига ёрдам беришини айтган. Ўқитувчи оилавий шароитини тушунтиргач, директор масалани 700 долларга ҳал қилишга кўнган.

Шундан сўнг ўқитувчи директорнинг уйига бориб, унга аванс сифатида 50 доллар берган ва бу ҳақда Бош прокуратура департаментининг Чироқчи тумани бўлимига хабар қилган.

Мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилиб, раҳбар ушланган.

Суд жараёнида директор пулни дарс соатларини кўпайтириш эвазига эмас, балки қарз сифатида олганини айтиб, енгиллик сўраган.

Фуқаро Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, у 2 йил давомида таълим муассасаларида раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.