Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилганлар қўлга олинди
Тезкор тадбирда 2000 ва 2002-йилларда туғилган 4 нафар шахс ушланган. Қўлга олинганларнинг бири муқаддам Россияда, иккиси эса Ветнам ва Таиландда лаборатория шароитида наркотик моддалар тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланган.

Чирчиқда нарколаборатория ташкил этганлар ушланди
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида нарколаборатория аниқланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда шаҳардаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олиб, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар фуқаро қўлга олинган.
2000 ва 2002-йилларда туғилган ушбу шахслар Телеграм орқали хорижлик кураторлари томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган гашиш мойи ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, гашиш тайёрлашган.
Хонадон кўздан кечирилганда, тахминий оғирлиги 400 гр бўлган гашиш, 5 кг ярим тайёр маҳсулот, наркотикларни қуритиш учун мўлжалланган электр печ, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарози ва елим идишлар ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу шахсларнинг 1 нафари муқаддам Россияга, 2 нафари эса Ветнам ва Таиландга бориб, лаборатория шароитида наркотик моддалар тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланган.
Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 276-1-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

