Маҳаллий

Чирчиқда ИИБнинг икки ходими жиноятни яширишга урингани учун 6 йилдан озодликдан маҳрум этилди

Чирчиқда икки нафар профилактика инспектори судланди. Улардан бири калтакланган фуқарога пул эвазига ишни «ёпди-ёпди қилиш»ни таклиф қилган. Ходим ҳужум қилганлардан 2700 доллар олиб, шундан 1000 долларини жабрланувчига берган, қолган суммани эса ҳамкасби билан бўлишиб олган. Суд икки инспекторни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Чирчиқда ИИБнинг икки ходими жиноятни яширишга урингани учун 6 йилдан озодликдан маҳрум этилди

7 октябрь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар жиноят ишлари бўйича судида жиноятни яширишга уринган ички ишлар органларининг икки ходимига ҳукм ўқилди. Ходимларнинг қўлга олингани ҳақида ДХХ апрель ойида хабар берган эди.

Ҳукмга кўра, 17 февраль куни соат тахминан 19:00 ларда фуқаро Ш. М. таниши билан Чирчиқдаги кафелардан бирига келган. Улар умумий залида бўлган вақтида, у қўшни столда таниши Д.ни ва у билан бирга бўлган тахминан олти нафар ҳамроҳини кўриб қолган.

Ушбу вақтда маст ҳолатда бўлган аёл кафенинг бошқа ташриф буюрувчилари билан навбатма-навбат тортишиб, жанжал чиқарган. У шунингдек, аёл-администратор билан уришиб, уни итариб юборган. Ш. М. уларни ажратган.

Шундан сўнг аёл унга аралашмасликни айтиб, чиқиб кетган. Бироз вақт ўтгач, у Д.нинг столига яқинлашиб, ўтирганларни телефонига суратга олган ва «ҳозир ўғлим Умид ва Ислом Бухорий келади» деб, кафени тарк этган.

Ш. М.нинг судда берган кўрсатмасига кўра, тахминан 20 дақиқадан сўнг, у чеккани кафедан ташқарига чиққанида, олдига Умид исмли йигит келган. У Ш. М.дан ҳеч қандай изоҳ талаб қилмасдан, уни зинага сиқиб, пастга ташлаб юбориш билан таҳдид қилган.

Ш. М.нинг таниши уларни ажратган. Шунга қарамай Ш. М. яна кафега қайтиб кирган. Таниши унинг олдига келиб, кимни хафа қилганини сўраган ва кўчада уни «Ислом Бухорий» кутаётганини айтган.

Ш. М. кўчага чиққан. У ерда «Ислом Бухорий», 10 га яқин ёшлар, шунингдек, патруль-пост хизмати ходимлари бўлган. «Ислом Бухорий» унга кафега қайтишни айтган. Бироқ гуруҳдаги ёшлардан бири Ш. М.нинг қўлидан ушлаб, ўзига қаратган ва шундан сўнг Умид унинг жағига мушти билан урган. Ш. М. ерга йиқилган, кейин ўрнидан туриб, кафега кирган ва қонни ювган.

У яна кўчага чиққанида «Ислом Бухорий», унинг ҳамроҳлари ва патруль-пост хизмати ходимлари кетиб бўлишган эди.

Ш. М. кафедан кетмоқчи бўлиб, такси тўхтатган, аммо ёнида давлат рақами бўлмаган оқ рангли Gentra автомашинаси тўхтаган. Машинадан тушган шахс ўзини Ислом деб таништирган ва Умид унинг дўсти эканини айтиб, Ш. М.га ўз телефон рақамини қолдирган.

Ш. М.нинг айтишича, улар гаплашаётган вақтда аввалги гуруҳдан яна тўрт-беш киши келган. Улар уни кафе автотураргоҳида турган крем рангли Epica автомашинасига ўтказишга уринишган. Ш. М. қочишга ҳаракат қилган. Машинада бўлганлар уни тахминан бир километр таъқиб қилишган.

Ш. М. чарчаб тўхтаганда, машинадан тушган одамлар унинг олдига келишган. Унинг кўрсатмаларига кўра, «Гера» лақабли Қурбонали уни мушти билан урган, қолганлари эса тепкилашган. Ш. М. ҳушини йўқотган.

Ҳушига келгач, у нотаниш аёлнинг тизида ётганини кўрган. Маълум бўлишича, аёл тез ёрдам чақирган. Ш. М. Чирчиқ марказий касалхонасига етказилиб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган. Шифокорлар унинг жағ соҳасида йиртилган жароҳат борлигини айтиб, чок қўйишни таклиф қилишган, аммо у рад этган.

Эртаси куни соат 11:00 ларда Ш. М. ариза бериш учун ички ишлар органига келган. Ўша куни соат тахминан 15:30 да профилактика инспектори Д. Раҳимбаев уни хизмат хонасига чақирган. У ерда «Ислом Бухорий» ҳам бўлган. ИИБ ходими уларга гаплашиб олишни таклиф қилиб, хонадан чиқиб кетган.

Ш. М.нинг сўзларига кўра, «Ислом Бухорий» ундан ариза ёзмасликни сўраган. У йигитлар хато қилганини, ҳодисани ҳал қилиш ва етказилган зарарни қоплаш мумкинлигини тушунтирган. У қанча пул кераклигини сўраган. Ш. М. қонуний чора кўрилишини ва уни урганлар камида беш суткага қамалиши кераклигини айтган. У шунингдек, уч нафар фарзанди борлигини ва калтакланиш оқибатида ҳалок бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Ушбу суҳбатдан сўнг инспектор Ш. М.га унинг ҳолатида жиноят таркиби йўқлигини ва ҳеч қайси модда бўйича иш қўзғатишнинг имкони йўқлигини айтган. У шунингдек, етказилган зарарни қоплаш сифатида пул олишни таклиф қилган. Ш. М.нинг кўрсатмаларига кўра, ИИБ ходимининг сўзларидан сўнг у айбдорларни қонуний жавобгарликка тортишга эришиб бўлмайди деб ҳисоблаб, пулни олишга рози бўлган.

Ўша куни калтаклашда қатнашганлардан бири танишидан пул қарз олиб, Д. Р.га 2700 доллар берган. Бироқ ушбу сумма жабрланувчига етиб бормаган.

19 февралга ўтар кечаси, соат тахминан 1:00 да инспектор Ш. М.ни яна чақирган. Бино ёнида у инспектор, «Ислом Бухорий» ва яна 8 нафарга яқин ёшларни кўрган. Сўнг хизмат хонасига Раҳимбаев ва формадаги яна бир инспектор — Н. Оғабеков кирган.

Ш. М.нинг сўзларига кўра, Раҳимбаев унга 2000 доллар бериб, 100 долларини Отабековга беришини айтган. Жабрланувчи илтимосни бажарган. Отабеков чиқиб кетгач, Раҳимбаев ундан 900 доллар талаб қилган. Ш. М.да 1000 доллар миқдоридаги пул қолган.

Ш. М.нинг айтишича, кейин Раҳимбаев ундан яна 100 доллар талаб қилиб, пулни юқори турувчи одамларга бериш кераклигини ва бу ҳақда кўпчилик билишини айтган. Ш. М. пул даволаниш учун кераклигини тушунтириб, рад этган. Ўшанда Раҳимбаев эртаси куни қўнғироқ қилишини ва Ш. М. қарши ариза ёзиши кераклигини айтган.

19 февраль куни жабрланувчи зарар қоплангани ва ҳеч кимга даъвоси йўқлиги ҳақида ариза ёзган. Тўққиз кундан кейин, 28 февралда калтаклаш факти бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Бироқ 5 март куни Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти суриштирув бошлаган.

Тергов давомида калтаклашда иштирок этган шахсларнинг қариндошлари илгари берилган 2700 долларни қайтаришни талаб қилишган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, терговчи унга ушбу талаб ҳақида маълум қилган. Эркак пулнинг катта қисми ИИБ ходимларида қолганини ошкор қилмай, маблағни ўз эҳтиёжларига сарфлаганини айтган.

20 апрель куни Ш. М. Тошкент вилояти бўйича Давлат хавфсизлик хизмати бошқармасига Чирчиқ шаҳар ИИБ ходимлари Раҳимбаев ва Отабековга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

Тезкор тадбир давомида профилактика инспектори Ш. М.га 300 доллар бераётган вақтида ушланган.

Судда ИИБнинг иккала ходими ҳам айбини тан олмади. Отабеков пул олди-бердилари ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, у Ш. М.ни биринчи марта ҳамкасбининг хизмат хонасида унинг аризаси бўйича кўрган, ўшанда у низо иштирокчилари ўзаро келишиб олишганини ва жабрланувчининг эътирози йўқлигини маълум қилган.

Отабеков томонларга вазиятни мустақил равишда муҳокама қилишни таклиф этганини, аммо ҳеч кимга ишни тугатиш ёки пул олиш бўйича кўрсатма бермаганини таъкидлади.

Суд айбдорларнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, телефон сўзлашувлари ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топади деган хулосага келди.

Жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан Раҳимбаев ва Отабеков Жиноят кодексининг: 210-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари (товламачилик йўли билан, мансабдор шахслар гуруҳи томонидан олдиндан тил бириктириб пора олиш); 230−1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ушлаб туришга, қамоққа олишга, жиноий жавобгарликка тортишга ёки жиноий жавобгарликдан озод этишга, ҳукм қилишга ёки оқлашга сабаб бўлган далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш)); 241−1-моддаси 2-қисмида (жиноятни ҳисобдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан иккаласини ҳам 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, уларга уч йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш тақиқланди.

Отабековнинг жазони ўташ муддати 22 июндан, Раҳимбаевники — 24 апрелдан ҳисобланиши белгиланди.

Томонлар суд қарори устидан апелляция шикояти ёки протест келтиришлари мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.