Чернихивга зарба: икки киши, жумладан 4 ёшли қиз ҳалок бўлди
Россия қўшинларининг Чернихивга зарбаси оқибатида хусусий уйда бўлган 39 ёшли аёл ва 4 ёшли қиз ҳалок бўлди. 14 ёшли қиз касалхонага ётқизилди. Шаҳарга такрорий зарба натижасида яна тўрт киши жароҳатланган, вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин.

**Чернихивга ҳужум: 4 ёшли қиз ва аёл ҳалок бўлди**
26-августга ўтар кечаси ва эрталаб Россия қўшинлари Украинанинг бир қатор ҳудудларига ҳужум уюштирди.
Чернихив шаҳар кенгаши матбуот хизматининг хабар беришича, эрта тонгда шаҳарга берилган зарба натижасида хусусий уйда ёнғин келиб чиққан. Уй оловдан деярли бутунлай вайрон бўлган. Ҳужум вақтида уйда бўлган уч кишидан икки нафари – 39 ёшли аёл ва 4 ёшли қиз воқеа жойида ҳалок бўлган. 14 ёшли қиз эса жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.
Кейинроқ Чернихивга такрорий зарба берилган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Дмитрий Брижинскийнинг маълум қилишича, ҳужум натижасида омбор биноси шикастланган ва тўрт киши жароҳатланган. Чернигов шаҳар кенгашининг хабарига кўра, иккинчи зарба эрталаб ҳужум қилинган манзилга яна берилган ва вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин.
Россия қўшинлари Донецк ва Херсон вилоятларига ҳам зарбалар берган. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, сўнгги бир суткада Россия ҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳатланган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар муҳим ва ижтимоий инфратузилма обьектлари, шунингдек, аҳоли яшаш ҳудудларига берилган. Натижада саккизта кўп қаватли ва бешта хусусий уй шикастланган. Бир кун аввал ҳудуддаги жамоалардан 15 киши эвакуация қилинган.
Донецк вилоятининг Краматорск туманидаги Славянск шаҳрига берилган авиация зарбаси натижасида икки киши жароҳатланган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Ляхнинг маълум қилишича, портлашлар шаҳар марказида содир бўлган ва камида 12 та кўп қаватли уйга зарар етган.
Тунги ҳаво ҳужуми Киевда ҳам қайд этилган. Шаҳар мери Виталий Кличконинг билдиришича, Голосеевский туманида дрон парчалари 16 қаватли турар жой биносига тушган. Бинонинг 14-қаватида деворлар шикастланган ва деразалар синган. Бир аёл жароҳатланган, келиб чиққан ёнғин эса ўчирилган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг эрталабки маълумотига кўра, Россия армияси 26-августга ўтар кечаси Украинага 162 та зарба берувчи ва имитацион дрон билан ҳужум қилган. Улар орасида Шаҳед, "Гербера" ва "Пародия" туридаги учувчисиз учиш аппаратлари бўлган. Украина томони маълумотига кўра, дронлар Курск, Орёл, Приморско-Ахтарск, Россия назоратидаги Донецк ҳамда қўшиб олинган Қримдаги Гвардейское ҳудудидан учирилган.

