Чад Суданни чегарада авиазарба беришда ва 12 кишини ўлдиришда айблади

Чад ҳукумати 27-август куни Судан билан чегарада содир бўлган ҳаво ҳужумида Судан армиясини айблади, натижада камида 12 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ал Жазеера хабар берди.
Чад хавфсизлик хизмати вакилининг сўзларига кўра, ҳужум "Тезкор ёрдам кучлари" (ТЙК) гуруҳига ёнилғи етказиб берувчи бозорга қилинган. АФП агентлигининг маълумотларига кўра, ушбу зарба оқибатида 12 киши вафот этган ва етти киши жароҳатланган. Чаднинг бу айблови Судан армияси ва ТЙК ўртасидаги уч йилдан ортиқ давом этаётган ва миллионлаб одамларни ўз уйларидан маҳрум қилган фуқаролар уруши фонида янграмоқда.
Ўтган ҳафта ҳам Чад Судан армиясини ўз ҳудудидаги ҳарбий карвонга ҳаво зарбаси берганликда айблаган эди. Чад армиясининг маълумотларига кўра, ўша зарбалар мамлакат шарқидаги Эннеди вилоятида, чегарадан 100 километрдан ортиқроқ ичкарида берилган. Бу ҳужумда Чад ҳарбийларидан ҳеч ким жабрланмаган.
Хавфсизлик хизмати манбасига кўра, дронлар таҳдидига жавобан Чад бу ҳудудда жанговар тайёргарлик даражасини энг юқори босқичга кўтарган. Реутерс агентлигининг маҳаллий манбасига кўра, мамлакат Судан чегараси яқинидаги Тине шаҳри яқинига 100 га яқин бронетранспортёр ва радиоалоқани бўғувчи махсус техникаларни жойлаштирган.
27-август куни Судан томони ҳодиса ҳолатлари бўйича профессионал ва мустақил суриштирув ўтказилмасдан туриб, ўз армиясига нисбатан илгари сурилган айбловлардан ҳайратда эканини билдирди.
Судан Ташқи ишлар вазирлиги ўз кучлари қўшниларининг суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда ва уларнинг ҳудудини нишонга олмаган ҳолда, Судан суверенитети, хавфсизлиги ҳамда тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича конституциявий бурчини бажараётганини маълум қилди. АҚШнинг Хартумдаги элчихонаси ҳам Судан армиясини Чадга уюштирилган сўнгги зарбаларда айблади ва бу ҳужумларни қоралади.
Судан армияси илгари Чадни ТЙК ҳарбий гуруҳи томонида туришда айблаган эди. Шу билан бирга, уруш сабаб ўз уйини ташлаб кетган бир миллионга яқин суданлик қочқинлар Чадга ўтиб кетган ва у ерда ҳозирда сув танқислигига дуч келмоқда.

