БЙД 183 мингдан ортиқ автомобилига қўшимча техник хизмат кўрсатади
БЙД компанияси 2014-йилдан 2022-йилгача Хитой ички бозори учун ишлаб чиқарган 183 минг 211 та автомобилига қўшимча хизмат кўрсатади. Бунга тормоз тизимида аниқланган нуқсонлар сабаб бўлган. Чақириб олиш Қин ва Танг сериясидаги моделлларни ўз ичига олади.

БЙД 183 мингдан ортиқ автомобилига қўшимча техник хизмат кўрсатади
Хитойнинг БЙД компанияси тормоз тизимидаги нуқсонлар сабаб 183 мингдан зиёд автомобилини техник хизматга чақиради.
Хитой регулятори берган маълумотга кўра, қўшимча хизмат кўрсатиш дастури фақат Хитой ички бозори учун 2014-йилдан 2022-йилгача ишлаб чиқарилган қуйидаги моделларни қамраб олади: 2015-йил 28-мартдан 2018-йил 21-декабргача ишлаб чиқарилган 58 минг 26 та Танг серияси, 2018-йил 19-майдан 2022-йил 14-январгача ишлаб чиқарилган 77 минг 846 та янги авлод Танг ДМ, 2018-йил 27-декабрдан 2021-йил 25-октабргача ишлаб чиқарилган 7 минг 23 та янги авлод Танг ЭВ ҳамда 2014-йил 27-июндан 2019-йил 9-июнгача ишлаб чиқарилган 40 минг 316 та Қин сериясидаги автомобиллар. Чақириб олинаётган автомобилларнинг умумий сони 183 минг 211 тани ташкил этади.
Текширувлар натижасида тормоз педалини чекловчи махсус детал материали ишлаб чиқариш нуқсонига эга экани аниқланган. Автомобилдан узоқ вақт фойдаланилганда ушбу детал ёрилиши ёки синиб, жойидан чиқиб кетиши мумкин. Энг хавфли томони шундаки, детал ишдан чиққанида ҳайдовчи тормоз педалини босмаган бўлса ҳам, машинанинг орқа тормоз чироқлари узлуксиз ёниб тураверади. Бу эса орқадан келаётган бошқа ҳайдовчиларга нотўғри сигнал бериб, йўлларда жиддий авария ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин.

