Маҳаллий

Бухородаги «сирли» гиёҳвандлик тармоғи фош этилди

Қўлга олинган шахснинг кўрсатмалари асосида ҳудуддаги хилват жойлар ҳам текширилган. Натижада яна 29 та пакетда

Бухорода гиёҳванд моддаларнинг йирик тармоғи фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаев «Xabar.uz»га маълум қилди.

«Қорадори-2024» тадбири доирасида гиёҳванд моддаларни тарқатишга уринган шахслар қўлга олинди. Бухоро шаҳрининг Ғиждувон кўчасида шубҳали ҳаракатлари билан эътиборни тортган фуқаро тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилган. Унинг ёнидан сотиш мақсадида сақланган, экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги 2,87 грамм бўлган «Срисе» синтетик гиёҳванд моддаси топилган.

Тезкор суриштирувлар натижасида ушбу модда гумонланувчига таниши томонидан етказиб берилгани аниқланди. Шу куни давом эттирилган тезкор тадбирда унинг шериги 1,5 миллион сўм эвазига «Алпҳа-ПВП» ва «Срисе» моддаларини сотиш вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тергов-тезкор тадбирлари давомида Бухоро туманидаги «Нометан» маҳалласи ҳудудида «Собалт» автомашинаси тўхтатилди. Текширув чоғида автомобилнинг йўловчи ўриндиғи остидан 77 та махсус пакетга қадоқланган, умумий оғирлиги 457,1 грамм бўлган «Срисе» топилди.

Қўлга олинган шахснинг кўрсатмалари асосида ҳудуддаги хилват жойлар ҳам текширилди. Натижада яна 29 та пакетда 142,9 грамм гиёҳвандлик воситаси яшириб қўйилгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи Телеграм мессенжеридаги махсус бот орқали «закладчик» сифатида фаолият юритган. У умумий оғирлиги 602,7 грамм бўлган гиёҳвандлик воситаларини Бухоро вилоятидан Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларига тарқатишни режалаштирган. Мазкур «партия»нинг қора бозордаги тахминий қиймати 843 миллион сўмга яқин экани маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 273-моддаси 5-қисми, «закладчик»га нисбатан эса 273-модда, 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.