Бухорода уч ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлган боғча раҳбарига суд ҳукми ўқилди

Бухорода уч ёшли боланинг ўлимига сабаб бўлган боғча раҳбарига суд ҳукми чиқарилди
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида аҳволи ёмонлашган 3 ёшли қизчанинг вафотига сабаб бўлган оилавий боғча раҳбарининг озодлиги 4 йилга чеклаб қўйилди.
Воқеа 2025-йил 20-июн куни тумандаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида юз берган. Ўша куни 2022-йилда туғилган S.ning ичи кетиб, қорни оғрий бошлаган. Бироқ уни шифокор кўригидан ўтказиш ёки ота-онасига хабар бериш ўрнига боғча раҳбари ёш болаларга бериш тақиқланган ва фақат шифокор рецепти билан қўлланадиган “Сипрофлоксацин” дорисини қизчага бериб юборган.
Боғча раҳбари Д.E.ning сўзларига кўра, бола эрталаб соат 08:30 лар атрофида муассасага келган. Кун давомида унинг ичи кетган, тарбиячилар бир неча бор кийимларини алмаштирган. Кейин у бошқа болалар билан ўйнаган ва тушлик қилган.
“Соат 13:15 атрофида қизча йиғлаб уйғонди. Унинг ичи яна кетган ва қорни оғриётганини айтганди. Тарбиячи уни бир неча марта ҳожатхонага олиб борди. Шундан кейин музлаткичдан дори олиб, таблетканинг бир қисмини қизчанинг тили устига қўйгандим ва сув ичиргандим. Дори болага ёрдам беради, деб ўйлагандим”, дейди Д.Э. ўз кўрсатмасида.
Орадан кўп ўтмай бола қусмоқчи бўлиб, ранги ўзгарган. Д.Э. унинг оғзида қолган дори бўлагини олиб ташлаган. Шундан сўнг қизчанинг лаблари кўкариб, жағи қисила бошлаган. Кейин тез тиббий ёрдам чақирилган. Тез ёрдам келгунига қадар Д.Э. ва унинг турмуш ўртоғи болага ёрдам беришга уринган. Сўнг қизчани ўз автомашинасида поликлиникага олиб кетишган. Йўлда тез ёрдам машинасига дуч келишгач, уни шифокорларга топширишган.
Қизча Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Ўлимга нафас йўлларининг беркилиши сабаб бўлган
Суд-тиббий экспертизаси қизчанинг ўлимига қусуқ массалари юқори нафас йўлларини беркитиб қўйиши оқибатида юзага келган бўғилиш сабаб бўлганини аниқлаган.
Экспертлар марҳумада ўлимга олиб келиши мумкин бўлган бошқа касалликларнинг морфологик белгилари аниқланмаганини ҳам қайд этган. Мутахассислар болада касаллик белгилари пайдо бўлган пайтда уни педиатр ёки инфексионистга кўрсатиш, зарур текширувлар ўтказилгандан кейингина шифокор тавсия қилган дориларни бериш керак бўлганини билдирган.
Д.Э. судда айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини айтган, марҳуманинг оила аъзоларидан кечирим сўраган ва суддан енгиллик беришни илтимос қилган.
Қизчанинг отаси боғча раҳбарига нисбатан моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини билдириб, унга қонуний жазо тайинлашни сўраган.
Суд ҳукмига кўра, Д.Э. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилган. Унга 2 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

