Бухорода илм-фан ва таълимни ривожлантириш учун Ўзбекистон-Япония маркази ташкил этилди

Бухорода илм-фан ва таълимни ривожлантириш учун Ўзбекистон-Япония маркази очилди
Бухоро давлат техника университетида Ўзбекистон-Япония марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу марказнинг ташкил этилиши икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан, инновациялар ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшлар учун халқаро имкониятларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, университет ректори Садоқат Сиддиқова, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кэндзи Хирата, JICA’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакаи, Ўзбекистон-Япония маркази ҳамдиректорлари Хироо Ивазаки ва Алишер Пайгамов, шунингдек, Япония элчихонаси, Цукуба университети ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Марказ фаолияти япон тилини ўрганиш, Япония маданияти билан танишиш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда ёшларнинг илмий ва инновацион лойиҳаларда иштирок этиши учун қулай шароитлар яратади. Бухоро давлат техника университетидаги янги майдонча Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик алоқалари ва таълим соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлашда муҳим бўғин бўлишга хизмат қилади.

