Бухорода 700 долларга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди

Бухорода ҳайдовчилик гувоҳномасини 700 долларга олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Бухоро вилоятида автомактаб сертификати ва ҳайдовчилик гувоҳномасини ноқонуний йўл билан олиб бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилган шахслар ҳибсга олинган.
Қоракўл туманида яшовчи хусусий мактаб ўқитувчиси бир фуқарога Навоий вилоятидаги танишлари орқали автомактабнинг уч ойлик ўқув курсини тугатганлиги ҳақида сертификат тайёрлаб беришни таклиф қилган. Шунингдек, у Б тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имтиҳонларидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, бу хизмати учун 700 доллар сўраган. Гумонланувчи тезкор тадбир давомида келишилган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Бухоро шаҳрида қайд этилган. Бу ерда ҳам гумонланувчи жабрланувчига автомактаб сертификатини тайёрлаб, ўзининг ваколатли танишлари орқали имтиҳондан муваффақиятли ўтказиб беришни ваъда қилган. У ушбу хизмати учун 2000 доллар талаб қилган ва шаҳардаги олийгоҳлардан бирининг автотураргоҳида 1900 долларни олаётган вақтида ҳибсга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада Туркия сохта паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрлаб, сотаётган жиноий гуруҳ аниқланганди. Бошқа бир вазиятда эса Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган шахс Ласетти русумли автомобилда 11 ёшли болани уриб юборган.

