Бухорода 211 марта қоидабузарлик қилган Траскер жарима майдончасига жойлаштирилди

Бухорода 211 марта қоидабузарлик қилган Траскер жарима майдончасига жойлаштирилди
Бухоро вилоятида ўтказилган рейд тадбирларида 211 та маъмурий жаримаси бор автомобил аниқланди.
Маълум қилинишича, Бухорода ўтказилган рейд тадбирлари давомида 2,6 миллиард сўмлик 114 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлар номидаги 98 та автотранспорт воситаси жарима майдончаларига жойлаштирилиб, 70 та 741 миллион сўмлик ижро ҳужжатининг ижроси амалда таъминланган.
Маъмурий жарималарни ундириш юзасидан олиб борилган ишлар жараёнида Ромитан туманида яшовчи фуқаро ўзига тегишли Траскер 2 автомобилини йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган ҳолда бошқаргани сабаб 211 та қоидабузарлик содир этгани маълум бўлган. Унинг жами 137 миллион сўмлик маъмурий жаримаси мавжуд эди.
Қидирув тадбирлари давомида мазкур автомашина топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган. Айни пайтда қарздорларга тегишли бўлган қидирувдаги автотранспорт воситаларини аниқлаш бўйича рейд тадбирлари давом этмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ҳайдовчи Спаркъда 344 марта қоида бузгани ҳақида хабар берилганди. Транспорт воситаси эгасига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 175 миллион сўмдан ортиқ жарима ҳисобланган.

