Бухорода 14 кунлик чақалоқнинг ошқозонидан тўғноғич олиб ташланди
Чақалоқ танасига тиғ тегдирилмади

Бухорода 14 кунлик чақалоқнинг ошқозонидан тўғноғич олиб ташланди
Бухорода шифокорлар 14 кунлик чақалоқнинг ошқозонидан тўғноғични жарроҳлик кесишисиз олиб ташлашди.
Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Жўрабек Чориевнинг маълум қилишича, 14 кунлик чақалоқ тинимсиз қусиш ва безовталик аломатлари билан шифохонага олиб келинган. Рентген текшируви натижасида чақалоқ ошқозонида ёт жисм борлиги аниқланган. Тиббиёт ходимлари махсус эндоскопик асбоблар ёрдамида тўғноғични ҳеч қандай жарроҳлик кесишсиз, қон кетишисиз олиб ташлашган. Амалиёт 10-15 дақиқа давом этган.
Шифокорнинг айтишича, ҳозир чақалоқнинг аҳволи яхши, ҳаётий кўрсаткичлари меъёрда — шу куниёқ уйига жавоб берилган. Боланинг яқинлари тиббиёт ходимларига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирган.
Мутахассис ота-оналарни чақалоқлар хавфсизлигига янада эътиборли бўлишга чақирди.
«Атрофидаги буюмлар, майда нарсалар болалар учун хавф туғдириши мумкинлигини унутманг!», — деди Жўрабек Чориев.

