Бухоро вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди
У АТБ “Агробанк” муаммоли кредитлар билан ишлаш департаменти директори вазифасида ишлаб келаётган эди

Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлов амалга оширилди.
Жамшид Шаропов Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Жамшид Шаропов 1984-йил 27-январда Ғиждувон туманида туғилган. У 2005-йилда Бухоро давлат университетини, 2009-йилда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.
Унинг меҳнат фаолияти 2002-йилда АТ “Пахта Банк”нинг Бухоро вилояти бошқармаси банк жараёнлари бўлими иқтисодий бўлинмаси мутахассиси лавозимидан бошланган. Кейинчалик у АТБ “Агробанк” Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи (2014-2020), Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи (2020-2021), Шофиркон тумани ҳокими (2021-2023), АТБ “Агробанк” агросаноат мажмуаси корхоналарини молиялаштириш департаменти директори ўринбосари (2023-2026) каби лавозимларда ишлаган.
У ушбу тайинловга қадар АТБ “Агробанк”нинг муаммоли кредитлар билан ишлаш департаменти директори лавозимида фаолият юритган.

