Бухоро кўчаларида «Аршин мол олон» кезди (фото)
Қардош халқлар дўстлиги санъат орқали яна бир бор намоён бўлди

Бухоро кўчаларида «Аршин мол олон» кезди (фото)
«Аршин мол олон» опереттаси озарбайжонлик меҳмонлар ва бухоролик томошабинларга унутилмас таассурот қолдириб, қардош халқлар дўстлигини санъат орқали яна бир бор намоён этди.
Қадимий Бухорода ўтказилган Озарбайжон маданияти кунлари улкан тарих, миллий санъат ва қардош халқлар бирлигини акс эттирган халқлар дўстлиги ҳамда маданий мулоқот майдонига айланди. Шаҳарда ташкил этилган «Озарбайжон маданияти кунлари» доирасида озарбайжонлик меҳмонлар ўз халқининг бой маданияти, миллий санъати ва анъаналарини бухороликлар билан ўртоқлашди.
Тантанали учрашувларда ўзбек ва озарбайжон халқларини асрлар давомида боғлаб келаётган муштарак тарих, тил, урф-одатлар ва маънавий қадриятлар алоҳида қайд этилди.
— Ўзбекистон ва Озарбайжонни фақат қўшничилик ёки дипломатик муносабатларгина эмас, кўп асрлик тарих, муштарак қадриятлар ва халқларимиз ўртасидаги самимий меҳр-оқибат ҳам боғлаб туради. Бухоройи Шарифдек буюк тарихга эга шаҳарда маданиятимизни намоён этиш биз учун катта мамнуният. Бу учрашувлар халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашига ишонаман, — деди Рашад Маммадов.
Маданият кунлари доирасида Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ҳамда тарихий «Кўкалдош» мадрасасида маданий тадбирлар уюштирилди.
Озарбайжоннинг миллий куй-қўшиқлари, жўшқин ижролари ва ўзига хос мусиқий анъаналари томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Айниқса, Бухоро давлат университетида буюк озарбайжон бастакори Ҳожибековнинг машҳур «Аршин мол олон» опереттаси намойиши маданий дастурнинг ёрқин воқеаларидан бири бўлди.
— «Аршин мол олон» навоси Бухоройи Шарифнинг эски шаҳри бўйлаб таралганида, атрофда оёқ қўйгули жой топилмади. Одамлар шу қадар оқиб келишдики, уларнинг санъатга, мусиқа оҳангига ошуфталиги, қўшилишиб рақслар тушиб, ижроларни ўзлари давом эттириши бизнинг янада меҳримизни оширди,
— деди жўшқинлик билан элчи.
Шунингдек, Озарбайжон элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг «Хорибулбул» театри труппаси томонидан саҳналаштирилган спектакл томошабинларга миллий театр санъатининг ўзига хос жиҳатларини кашф этиш имконини берди.
Рашад Маммадов Бухоро давлат университетида «Озарбайжон—Ўзбекистон тарихий-маданий алоқалари» мавзусида ўтган семинар-учрашувлардан катта таассурот олганини айтди. Мазкур учрашувларда талабаларга ўзбек тилида нашр этилган «Ирс-Мирас» журналининг 2025–2026-йилги қишки сони тақдим этилди. «Озарбайжонни кашф этиш» шиори остида чоп этиладиган нашр тарих, маданият ва антропологияга оид материаллар орқали озарбайжон халқининг бой меросини ўзбек китобхонларига таништиришга хизмат қилади.
— Озарбайжонлик меҳмонларимизнинг Бухородан олиб кетадиган энг қимматли таассуротларидан бири, шубҳасиз, халқимизнинг кўрсатган меҳмондўстлиги ва самимий муносабати бўлди. Бу учрашувлар икки халқнинг бир-бирини янада яқинроқ англашига, ёш авлоднинг маданий меросга ҳурмат руҳида камол топишига ва янги ҳамкорлик ташаббусларига йўл очади,
— деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.

