Маҳаллий

Бухоро «Карвон бозор»идаги ёнғин оқибатида 2 200 квадрат метр майдон зарарланди

Ёнғинни ўчиришга Бухоро вилояти ФВБга қарашли 35 та экипаж, 375 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди

Бухородаги «Карвон бозор»да юз берган ёнғин натижасида 2 200 квадрат метр майдон зарар кўрди

Бухородаги «Карвон бозор» ҳудудида чиққан кучли ёнғин минглаб тадбиркорларга катта зарар етказди.

Бозорнинг умумий ер майдони 94 800 кв метр бўлиб, савдо фаолияти учун ажратилган қисми — савдо расталари ҳамда савдо ва хизмат кўрсатувчи турғун шохобчалар учун 5 200 кв метрни ташкил этади. Бозор жами 4 та блокдан иборат бўлиб, бу ерда 880 та савдо дўкони аҳолига хизмат қилиб келган.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га билдиришича, ёнғинни ўчириш учун Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли жами 35 та экипаж ва 375 нафар ўт ўчирувчи сафарбар этилган.

Ёнғин юз берган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар мулкини ҳимоя қилиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБнинг 743 нафар шахсий таркиби ва Миллий гвардиянинг Бухоро вилоятидаги 200 нафар ходими хизматга жалб қилиниб, бозор атрофига халқа шаклида жойлаштирилган.

«Навоий вилояти ФВБ томонидан ҳам тезкор тарзда ёнғин-қутқарув экипажлари етиб келди», — деди ахборот хизмати раҳбари.

Тадбиркорлар ва гувоҳларнинг айтишича, ёнғин расмий маълумотларда кўрсатилганидек соат 00:12 да эмас, балки тунги 02:30 ларда тўлиқ бартараф этилган.

«Биз маҳсулотларимизни йиғиштириб олишга улгуролмадик. Соат чамаси тунги 01:30 лар эди. Ёнғин тўла ўчириб улгурилмаган ҳамда эндигина Навоийдан ёнғин-қутқарув машиналари етиб келган эди», — дейди тадбиркорлардан бири.

Турли дўконларда, хусусан, маиший техника ва парфюмерия бўлимларида чўғларнинг қолиб кетгани, ёғоч ва енгил конструксияли биноларнинг ҳаддан ташқари қизиб кетгани ҳамда шу таъсирда маҳсулотларнинг портлаши ҳудудда қайта-қайта кичик олов ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлган.

«Нима бўлганда ҳам аҳоли ва талаба-ёшларнинг бир тану бир жон бўлиб, то тонгга қадар ёрдамга ошиққани, маҳсулотларимизни хавфсиз жойга кўчиришга берган кўмаги кўнглимизга таскин берди», — дейди жабрланган тадбиркорлар.

Ёнғин содир бўлган ҳудудга яқин жойлашган Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Осиё халқаро университетининг минглаб талабалари чин дилдан ёрдам кўрсатишган. Йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар ҳам бефарқ қолмай, кўмакка шошилишган.

Ушбу ёнғин «Карвон бозор»нинг 2 200 квадрат метр майдонига жиддий зарар етказган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор суриштирув ишлари бошланган. Батафсил маълумотлар тақдим этилади», — деди ФВБ ахборот хизмати раҳбари.

Вилоят раҳбари ёнғин содир бўлган ҳудудда тадбиркорлар ва фуқаролар билан учрашди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш мақсадида махсус штаб ташкил этилган.

Ёнғин оқибатида жароҳатланганлар ва вафот этганлар йўқ. Ҳозирда вилоят ФВБ ходимлари томонидан ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.