Спорт

«Бунёдкор» Ицуки Уратага энг камида 328 минг доллар пул тўлайди - ФИФА қарори

ФИФА Низоларни ҳал қилиш палатаси «Бунёдкор»нинг собиқ футболчиси Ицуки Уратанинг даъво аризасини кўриб чиқди ва якуний қарор қабул қилди. Тошкент клубига тўланмай қолган маошлар учун 45 минг доллар, шартномани бузганлик учун эса 283,4 минг доллар компенсация белгиланди. Агар тўлов 45 кун ичида амалга оширилмаса, «Бунёдкор»га кетма-кет учта тўлиқ трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни…

«Бунёдкор» Ицуки Уратага камида 328 минг доллар тўлаши керак – ФИФА қарори

Жорий йилнинг баҳорида 29 ёшли япониялик чап қанот ҳимоячиси Ицуки Урата Тошкентнинг «Бунёдкор» клубини тарк этган эди. Бунга клубдаги молиявий муаммолар сабаб бўлгани айтилган. Шундан сўнг, Урата «Славен Белупо» жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолаб, фаолиятини у ерда давом эттирмоқда.

Кейинчалик япониялик футболчи ФИФА Низоларни ҳал қилиш палатасига мурожаат қилган. Kun.uz томонидан ўрганилган расмий ҳужжатларга кўра, ушбу меҳнат низоси бўйича якуний қарор 2026-йил 13-август куни қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, «Бунёдкор» футболчига қуйидаги миқдордаги маблағларни тўлаб бериши мажбурий этиб белгиланди:

* Тўланмай қолган маош сифатида 45 минг доллар;

* Юқоридаги қарзнинг ҳар 15 минг доллари учун 2026-йилнинг 6-феврал, 6-март ва 27-март саналаридан бошлаб тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар йиллик 5 фоизлик устама;

* Шартномани бузганлик учун компенсация сифатида 283 минг 426 доллар жарима. Бунда ҳам тўлов тўлиқ тўлангунга қадар 2026-йил 27-мартдан бошлаб йиллик 5 фоиз устама.

Агар барча белгиланган суммалар ва устамалар қарор эълон қилингандан кейин 45 кун ичида тўлиқ тўланмаса, клубга нисбатан жиддий санксиялар қўлланилади. Хусусан, «Бунёдкор» тўлов тўлиқ амалга оширилмагунича миллий ва халқаро даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ушбу тақиқ кетма-кет учта тўлиқ трансфер ойнаси давомида амал қилади. Агар учта трансфер даври якунига қадар ҳам тўлов қилинмаса, иш ФИФА Интизом қўмитасига оширилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.