“Бундан буёғига термада фақат энг лойиқлар ўйнайди” — Фабио Каннаваро
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши ўртоқлик ўйинидан кейин жамоанинг янги тактик схема, қисқа тайёргарлик жараёни ва футболчиларнинг ўйини ҳақида гапирди. У энди таркибда фақат энг лойиқ футболчилар ўйнашини таъкидлади.

“Бундан буёғига термада фақат энг лойиқлар ўйнайди” — Фабио Каннаваро
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши ўйиндан (3:1) сўнг ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.
У янги тактик схема, Абдувоҳид Неъматовнинг жароҳати, таркибдаги рақобат, икки марказий ҳимоячи билан ўйнаш ҳамда Осиё кубогига тайёргарлик борасида ўз фикрларини билдирди.
Каннаваро учрашув осон бўлмаганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, жамоа ўйинга тайёрланиш учун атиги уч кун вақтга эга бўлган. Шу қисқа муддат ичида футболчиларга янги тактик тизимни тушунтиришга, айниқса учрашувнинг дастлабки 20 дақиқасида ҳушёр бўлиш зарурлигини уқтиришга ҳаракат қилинган.
Бош мураббий Эронни бир неча ўйин орқали таҳлил қилганини ва рақиб асосан стандарт вазиятлар — жарима ҳамда бурчак тўпларидан хавф туғдиришини аниқлаганини айтди.
“Футболчилар жуда яхши ўйин кўрсатишди. Улар терма жамоа учун қайғуришини ва жамоа бўлиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай рақибга қарши ўйнай олишимизни кўрсатишди. Баъзан ютилади, баъзан ютқазилади, лекин мен футболчилардан майдонда борини беришни сўрайман. Бугун ҳатто ўйиннинг сўнгги олти-етти дақиқасида майдонга тушганлар ҳам жамоа учун фахрланишга арзийдиган ҳаракат қилди”, — деди мураббий.
Каннаваро шу билан бирга, Эрон устидан қозонилган ғалабани ортда қолдириб, энди Сурияга қарши навбатдаги ўйинга эътибор қаратиш кераклигини билдирди.
— Учрашувдан олдин Абдувоҳид Неъматовнинг жароҳати маълум бўлди.
Мен барча футболчиларимга ишонаман. Неъматов кеча жароҳат олди, шу сабабли бугун ўйнай олмади. Владимир Назаровни ҳам Чемпионлар лигасидаги сўнгги ўйинида кузатгандик ва у ерда яхши ўйнаганди.
Терма жамоага чақирилган барча футболчилар ўйнашга лойиқ. Кеча ҳам айтдим: терма жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ. Жаҳон чемпионати саралаши даврида айрим футболчиларга берилган қўшимча бонуслар энди тугади. Бундан буён таркибда фақат энг лойиқ ва тайёр футболчилар ўйнайди. Олдинда Осиё кубоги бор ва унга юқори формада етиб боришимиз керак.
— Албатта, кўп яхши жиҳатларни кўрдим. Лекин мураббий сифатида доимо яхшилашимиз мумкин бўлган нуқталарни излайман. Бугун Эрон бизнинг айрим камчиликларимиздан фойдаланмади, аммо келажакда бошқа рақиблар бундай хатоларни жазолаши мумкин.
Айниқса, учта ярим ҳимоячимиз янада компакт ўйнаши керак. Тўп бизда бўлганда эса линиялар орасида кўпроқ очилишимиз лозим. Шунингдек, жарима майдончаси атрофида кераксиз фол қилмасликни сўрагандим. Афсуски, ўтказиб юборилган гол шундай вазиятдан кейин келиб чиқди.
Замонавий футбол кўпроқ интенсивлик ва юқори темпни талаб қилади. Шунинг учун биз яна кўп жиҳатларни яхшилашимиз керак.
— Бугун 4−3−3 тактик тизимида ўйналди.
— Бизда эркин футболчи йўқ. Аниқ бир тизим бор — 4−3−3. Бу тизимда ярим ҳимоячилардан жуда кўп ҳаракат талаб этилади. Улар вазиятга қараб линиялар орасида очилиши, қанотга чиқиши ёки ҳимоячилар ортига ҳаракатланиши керак.
Акмал Мозговой, Азиз Ғаниев ва захирадан майдонга тушган футболчилар бу вазифани яхши бажаришди. Ушбу тизим икки марказий ҳимоячини ҳам яхшироқ қоплаш имконини беради.
Яна бир нарса, биз кўпроқ таваккал қилишни бошладик, чунки бизда Беҳруз Каримов, Жаҳонгир Ўрозов каби футболчиларимиз легионерга айланди ва албатта сизда шундай юқори савиядаги ўйинчилар пайдо бўлганда, сиз кўпроқ таваккал қиласиз. Лекин рақибга ҳам боғлиқ, масалан топ терма жамоалар билан балки бошқача ўйнаш керакдир. Рақибдан келиб чиқиб ўйналади, лекин мен ҳар доим тўртта ҳимоячи билан ўйнаганман олдин.
Бугун Эрон катта имкониятлар ярата олмади, асосан бурчак тўпларидан хавф туғдирди. Осиё кубогигача ҳали икки ой вақт бор ва бу даврда тизимни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз.
— Замонавий футбол талаби шундай. Агар ҳимоячилар олдинга чиқишдан қўрқса, рақибнинг линиялар орасидаги футболчиларига эркинлик берилади ва жамоа кўпроқ қийналиши мумкин.
Шунинг учун биз марказий ҳимоячиларга рақибни юқорироқда кутиб олиш ва бундан қўрқмасликни айтдик. Албатта, бунинг учун ҳимоячилар, ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар биргаликда ҳаракат қилиши, прессингни тўғри ташкил этиши керак.
Биринчи таймда юқори прессинг қилдик ва бунинг натижасида бир қатор яхши имкониятларга эга бўлдик. Энди Жаҳон чемпионатини эсдан чиқариб, Осиё кубогига қарашимиз керак. У ерда биз ҳар қандай рақибга қарши ўйнай оламиз.

