Булоқбошидаги йирик ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди
Бошқарувни йўқотган юк машинаси жами 7 та машинага урилган, йўл четидаги дўконларга ҳам зарар етган. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 4 киши шифохонага ётқизилган.

Булоқбошидаги катта ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди
Андижон вилояти ЙҲХБ Булоқбоши туманида етти автомобил иштирок этган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича расмий маълумот берди.
Воқеа 10-октабр куни соат 09:40 лар атрофида Нефтчилар маҳалласидаги Кончилар кўчасида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Нефтчилар - Кулла йўналишида ҳаракатланиб келаётган 48 ёшли Ў.А. бошқарувидаги тупроқ ортилган Ҳово юк машинасининг тормоз тизимида носозлик пайдо бўлган. Натижада ҳайдовчи бошқарувни йўқотган.
Юк машинаси қарама-қарши йўналишда кетаётган Собалт, Нехиа, БЙД Сонг Плус ва Нехиа 2 автомобиллари, шунингдек, йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган Нехиа 3, Дамас ва Матиз билан тўқнашган. Бундан ташқари, кўча бўйидаги дўконларга ҳам зарар етган.
ЙТҲ оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Ҳово ҳайдовчиси ва яна уч киши турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

