Bukhara Night Race 2026 халқаро тунги югуриш мусобақаси World Athletics ташкилотидан Recognized Event экологик мақомини олди
Bukhara Night Race 2026 халқаро югуриш мусобақаси Бутунжаҳон енгил атлетика ассоциациясининг ABW стандарти бўйича Recognized Event (эътироф этилган даражадаги мусобақа) экологик мақомини олди. У 2024 йилдан буён баҳолашдан ўтган 130 та тадбир орасида Марказий Осиё ва МДҲдан жой олган ягона мусобақа бўлди.

Bukhara Night Race 2026 халқаро тунги югуриш мусобақаси World Athletics томонидан Recognized Event экологик мақомига лойиқ кўрилди.
У тадбирнинг атроф-муҳит, маҳаллий иқтисодиёт ва жамиятга кўрсатадиган таъсирини ҳисобга олади.
Recognized Event — бу World Athletics ташкилотининг расмий эътироф даражаси бўлиб, мусобақа ташкилотчилари ABW стандартида белгиланган барқарор ривожланиш соҳасидаги талабларга риоя қилишини тасдиқлайди.
Мақом тадбирни 6 та асосий йўналишдаги 120 та параметр бўйича комплекс баҳолаш натижаларига кўра берилади. Бу йўналишлар: «Барқарор ривожланиш соҳасидаги етакчилик», «Барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол», «Иқлим ўзгариши ва карбонат ангидрид чиқиндилари», «Атроф-муҳит ва ҳаво сифати», «Глобал тенглик», «Хилма-хиллик, қулайлик ва фаровонлик». Улар қаторига йиғилган чиқиндилар, сарфланган электр энергияси ва сув ҳажми, шунингдек, ускуналар, иштирокчилар ва ташкилотчилар жамоасини ташиш учун фойдаланилган транспорт воситаларидан ажралиб чиққан карбонат ангидрид газлари миқдори киради.
ABW тизими бир нечта эътироф даражаларини ўз ичига олади: Recognized Event, Bronze, Silver, Gold ва Platinum. Шу тариқа, Recognized Event мақоми ушбу тизим доирасидаги World Athletics ташкилотининг биринчи расмий эътироф даражаси бўлиб, мусобақанинг ABW стандарти базавий талабларига мувофиқлигини тасдиқлайди.
2024 йилда енгил атлетика мусобақаларини экологик сертификатлаш йўлга қўйилганидан буён 130 та тадбир World Athletics баҳолашидан ўтди. Улардан 84 таси Recognized Event, 16 таси — Bronze Label, 16 таси — Silver Label, 9 таси — Gold Label ва 5 таси — Platinum Label мақомини олди. Bukhara Night Race 2026 дан ташқари барча югуриш мусобақалари профессионал спортчилар иштирокига мўлжалланган ёки World Athletics Label мақомини олишга даъвогар тадбирлар бўлган.
Bukhara Night Race 2026 Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида ушбу рўйхатга киритилган ягона мусобақа бўлди.
Тизим ривожланишни кузатиш, юқори натижаларни қайд этиш ва энг яхши тажрибаларни намойиш этиш имконини беради. World Athletics мақомига эга тадбирлар федерацияга ўз натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт.
Шундай қилиб, Bukhara Night Race ташкилотчилари тадбирнинг тахминий углерод изи, чиқиндилар ҳажми ва бошқа кўрсаткичларини қайд этишди. Мусобақа доирасида югуриш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган ускуналарни ташишга жалб этилган транспорт воситалари сони — ҳар бирининг юк кўтариш қуввати 10 тонна бўлган бешта юк машинаси, улар томонидан сарфланган ёқилғи ҳажми (1600 куб м метан), шунингдек, мусобақа давомида электр энергиясининг тахминий сарфи (800 кВт) ҳисоблаб чиқилди.
Мусобақа давомида барча чиқиндилар сараланди. Уларнинг умумий вазни 980 кг ни ташкил этди. Чиқиндиларнинг асосий қисми (87,1%) озиқ-овқат ва бошқа чиқиндилар ҳиссасига тўғри келди. Барча турдаги пластик чиқиндиларнинг улуши 10,1% ни ташкил этди.
Мусобақа «Аввалгидан кўра тозароқ» тамойили асосида ўтказилади, шу боис югуриш тадбири плоггинг — чиқинди йиғиш билан бирга югуриш масофаси билан биргаликда олиб борилади. Bukhara Night Race 2026 даги плоггинг иштирокчилари пластик бутилкаларнинг қопқоқларини йиғишди. Йиғилган қопқоқларнинг умумий вазни 16,2 кг ни ташкил этди. Кейинги Zaamin Ultra 2026 ва Sky Camp Bo’stonliq 2026 мусобақаларида Бухородаги плоггинг масофаси иштирокчилари Бухорода йиғилган қопқоқлардан эритилиб тайёрланган эксклюзив медалларни қўлга киритишди.
Менежерлар ва кўнгиллилар жамоаси кўп марталик идишлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Фудкортларда пластик миқдорини камайтириш учун 5 ва 20 литрли сув бутилкаларидан фойдаланилди.
Тошкентда старт пакетларини тарқатиш вақтида спорт свопи — яроқли спорт кийимларини алмашиш тадбири ўтказилди. Свопдан сўнг ташкилотчиларда 18 кг кийим ва пойабзал, жумладан, велосипед ва югуриш формалари ҳамда спорт услубидаги кийимлар қолди. Велосипед формаси Бухородаги ёш спортчилар мураббийига, югуриш кийимлари — шаҳар Ёшлар марказига, «шаҳарча» услубидаги кийимлар эса Бухородаги бошпанасиз ва оғир вазиятга тушиб қолган шахслар учун ижтимоий марказга юборилди.
Bukhara Night Race ташкилотчилари ҳисоботда акс этган ушбу ва бошқа рақамларни нафақат ютуқ, балки Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказиладиган бешта югуриш мусобақасидан иборат Samarkand Marathon Series доирасидаги кейинги мусобақаларда динамикани кузатиш учун бошланғич нуқта сифатида баҳоламоқдалар. Жамоа аллақачон Zaamin Ultra якунлари бўйича ҳисоботни топширди ва Sky Camp Bo’stonliq таҳлилини тайёрламоқда. Мониторинг кейинги ҳар бир югуриш мусобақасини янада яхшилаш имконини беради.

