“Бу ерда тартиб ўрнатиш вақти келди”. Президент — тижорат ижарасини тартибга солиш ҳақида
Тадбиркор Зафар Ҳошимов Ўзбекистонда тижорат ижарасини тартибга солишни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. У қисқа муддатли шартномалар, тўловнинг кескин ошиши ва ъконвертдаъ ҳисоб-китоб қилишни муаммолар сифатида айтиб ўтди. Президент икки ой муддатда таклифлар тайёрлашни топширди.

“Бу ерда тартиб ўрнатиш вақти келди”. Президент тижорат ижарасини тартибга солиш ҳақида
18-август куни Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотида “Корзинка” супермаркетлар тармоғи асосчиси ва “Савдо ва сервис” уюшмаси раиси Зафар Ҳошимов кўчмас мулкнинг тижорат ижарасини тартибга солишни такомиллаштиришни таклиф қилди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ижара муносабатларининг барқарорлиги, айниқса, кичик бизнес учун жуда муҳим. Зафар Ҳошимов шундай деди: “Тадбиркор ижарага олинган хонага пул тикади, уни таъмирлайди, реклама қилади, харидорларни шу жойга ўргатади. Агар ижара муносабатлари беқарор бўлса, бу у учун катта хавфга айланади. Бугунги кунда бу соҳада жиддий муаммолар мавжуд ва ўйлайманки, уларни ҳуқуқий даражада тартибга солиш вақти келди”.
Унинг сўзларига кўра, муаммолардан бири ижаранинг қисқа муддатлари бўлиб, улар бизнеснинг узоқ муддатли режаларига мос келмайди. “Масалан, ижарага берувчининг тазьиқи остида ижара шартномалари қисқа муддатга тузилади, ваҳоланки бизнес-режа ва бизнес истиқболлари узоқ муддатга мўлжалланган бўлади. Агар бизнес яхши кета бошласа, мулкдор ижара ҳақини асоссиз ва ҳаддан ташқари ошириб юборадиган ҳолатлар учрайди”, — деди у.
Ҳошимов ижаранинг бир қисмини норасмий тўлаш амалиётига алоҳида эътибор қаратди. “Иккинчи муаммо, ўйлайманки, тадбиркорларнинг ўзига тегишли: ижара ҳақининг „оқ“ қисми, „қора“ қисми ва конвертда бериладиган пуллар бор. Мен тадбиркорларга айтмоқчиман: шу нарсани тўхтатишимиз керак”, — деди у.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ижаранинг бутун суммасини харажатларда расмий акс эттириш бизнесга солиқ солинадиган базани камайтириш имконини беради. “Тўлиқ расмий тўлов ижарага олувчига ҳам, жойни ижарага берувчига ҳам фойдали. Ижарага берувчи солиқ тўласа ҳам, тадбиркор учун бу харажатлар солиқ солинадиган базани камайтиради. Кўплаб одамлар ҳанузгача буни тушунмайди ва эски амалиёт бўйича ишлашда давом этмоқда”, — деди “Корзинка” асосчиси.
У ижарачи жойга киритадиган маблағларни ҳимоя қилишни яна бир масала сифатида тилга олди. Зафар Ҳошимов шундай деди: “Агар ижара шартномаси асоссиз бекор қилинса, тадбиркор ушбу обьектга киритган инвестициясини ҳимоя қилиниши керак”.
Унинг фикрича, тижорат ижараси учун узоқроқ муносабатларни ва бизнес учун қўшимча кафолатларни назарда тутувчи алоҳида ҳуқуқий режим яратиш зарур. “Бизга шундай тижорат ижараси ҳуқуқий режимини яратиш керакки, унда тадбиркорлар жойга узоқ муддатга кириши, шартномани узайтириш имкониятига эга бўлиши ва кўпроқ кафолатлар олиши мумкин бўлсин. Мен мулкдорлар ва тадбиркорларнинг қарама-қаршилиги ҳақида гапирмаяпман. Ўйлайманки, улар ўртасида мувозанатни таъминлаш вақти келди”, — деди у.
**Президент икки ой ичида таклифлар тайёрлашни топширди**
Президент Шавкат Мирзиёев кўчмас мулк ижарасини тартибга солишни такомиллаштириш зарурлигини қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбари шундай деди: “Кўчмас мулк ижарасини такомиллаштириш ва Зафар [Ҳошимов] ҳозир билдирган таклифни амалга ошириш бўйича: [бош вазир ўринбосари Жамшид] Қўчқоров, [адлия вазири Акбар] Тошқулов Адлия вазирлиги ва жамоатчилик кенгаши билан биргаликда — уни ҳам вақти-соати келди жой-жойига қўйиш бўйича. Агар ҳаммангиз биргаликда таклифларни шакллантириб, бизнинг вакилларимиз билан муҳокама қилсангиз ва икки ой ичида аниқ ечимларни тақдим эцангиз, мен уларни қўллаб-қувватлашга тайёрман”.
Чиқиши давомида Ҳошимов, шунингдек, “Савдо ва сервис” уюшмаси ҳузурида ташкил этилган Савдо академияси фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, академия аллақачон 6000 нафар мутахассисни тайёрлаган, яна 1200 нафари таълим олмоқда. “Биз тайёрлаган 6000 нафар мутахассисдан сўнгги саккиз ойда 82 фоизи аллақачон ишга жойлашди”, — деди тадбиркор.
Шавкат Мирзиёев ушбу кўрсаткични катта ютуқ деб атади. Президент шундай деди: “Тайёрланган 6000 нафар мутахассисдан 82 фоизи иш билан таъминлангани — бу жуда катта ютуқ”.

