Технология

“Бу фақат қонун билан ҳал бўлмайди”. Шерзод Шерматов болаларнинг тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш ҳақида

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласига муносабат билдирди. Унга кўра, муаммо фақат қонун билан ҳал бўлмайди. ъОиладаги тарбия ва болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам эътибор қаратиш заруръ, — дейди у.

“Бу фақат қонун билан ҳал бўлмайди”. Шерзод Шерматов болаларнинг тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш ҳақида

Самарқандда ўтказилган “Болалар фаровонлигига сармоя” бутунжаҳон саммити доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Газета мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда ҳам 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонунан чеклаш масаласига муносабат билдирди. Унинг фикрича, муаммони бартараф этиш учун қонуний чоралар билан бирга оиладаги тарбия, соғлом турмуш тарзи ва болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам эътибор қаратиш керак.

Шерзод Шерматовнинг айтишича, янги технологиялар болаларга таълим олиш ва бошқа соҳаларда имкониятлар яратади, бироқ улардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар ҳам бор. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар саломатлигига таъсир қилувчи омиллар орасида экран қаршисида кўп вақт ўтказиш, носоғлом овқатланиш ва камҳаракатликни кўрсатмоқда.

“Ўзбекистонда болалар ва оналар ўлими билан боғлиқ кўрсаткичлар камайиб, бу борада ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шу билан бирга, вояга етмаганларнинг телефон ва бошқа гаджетлардан кўп фойдаланиши, носоғлом овқатланиши ҳамда камҳаракатлигига эътибор қаратишимиз керак. Болаларнинг экран қаршисида ўтказадиган вақтини қисқартириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини ошириш муҳим”, — дейди вазир.

Унинг фикрича, вояга етмаганларнинг гаджетлардан фойдаланиш вақтини камайтиришда уларга экрандан ташқарида ҳам қизиқарли машғулотлар таклиф қилиш, тенгдошлари билан гаплашиши ва бирга ўйнаши учун шароит яратиш муҳим.

“Мен буни рақамли технологиялар вазири сифатида эмас, тўрт нафар фарзанднинг отаси ва таълим соҳасида ишлаган мутахассис сифатида ҳам айтяпман. Болаларимиз кўпроқ ҳаракат қилиши, соғлом овқатланиши ва экрандаги ўйинлардан кўра ҳаётдаги дўстлари билан бирга ўйнашига шароит яратишимиз керак”, — дейди Шерзод Шерматов.

Вазир болалар олдидаги муаммолар вақт ўтиши билан ўзгариб боришини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тўққиз-ўн йил аввал Ўзбекистонда болаларнинг пахта далаларига жалб қилиниши долзарб муаммолардан бири бўлган. Бугун эса янги хавфлар пайдо бўлмоқда ва уларга самарали ечим топиш учун мутахассислар ҳамкорлиги зарур.

У вояга етмаганларнинг тармоқлардан фойдаланишини қонунан чеклаш керакми, деган саволга жавоб берар экан, масалага фақат қонунчилик нуқтаи назаридан ёндашиш етарли эмаслигини қайд этди.

“Оилада болалар билан қанча вақт гаплашамиз? Уйга борганимизда улар билан суҳбатлашамизми ёки ҳамма телефон ёки телевизор билан банд бўладими? Болаларнинг интернетдан фойдаланишини мактабда чеклаш мумкин, лекин оиладаги муҳит масаласи ҳам бор”, — дейди вазир.

Унинг фикрича, болаларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш бўйича барча давлатларда бирдек самара берадиган ягона ечим йўқ. Қонунчилик чоралари билан бирга ташкилий ишлар ва болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш имкониятларини ҳам қамраб олган дастур ишлаб чиқиш зарур.

“Қонун қабул қилинса, эртасигаёқ барча муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Ҳатто бундай чекловларни жорий этган давлатларда ҳам масала тўлиқ ечилгани йўқ. Экспертлар биргаликда ишлаб, кенг қамровли дастур тайёрлаши керак. Саммитдаги муҳокамалар ва мутахассислар тавсиялари асосида йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар ўз ишини такомиллаштириши лозим”, — дейди Шерзод Шерматов.

Вояга етмаганларнинг қанчаси интернетдан фойдаланиши ҳақидаги саволга вазир аниқ статистик кўрсаткич келтирмади. Бироқ у болаларнинг гаджетлардан фойдаланиши кенг тарқалгани, айрим ота-оналар фарзанди йиғламаслиги ёки тинч ўтириши учун унга телефон бериб қўйишини айтди.

“Баъзи ота-оналар боласига эътибор қаратиш ўрнига, у йиғламаслиги учун қўлига телефон бериб қўяди. Ҳатто оилавий дастурхон атрофида ҳам бир-бири билан суҳбатлашиш ўрнига телефонга қараб овқатланишади. Бу — бутун жамият биргаликда ишлаши керак бўлган масала”, — дейди вазир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.