Маҳаллий

“Бу аёл ваҳший” – Қўштепада катта ҳамшира қўл остидаги 4 ходимни пичоқлаб ташлади

7-сентабр куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўлимининг катта ҳамшираси Одина Имомова қўл остида ишловчи 4 нафар ходимини ўз хонасига олиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, уларга пичоқ билан ташланади. Юрак қисмидан пичоқланган фаррош воқеа жойида ҳалок бўлган. Бошқа ҳамширанинг 5 жойига пичоқ санчилган, яна икки ҳамширанинг тана аъзоларига турли даражада жароҳат етказилган. Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

“Бу аёл ваҳший” – Қўштепада катта ҳамшира қўл остидаги 4 ходимга пичоқ урди

7-сентабр куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмасининг болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўлими катта ҳамшираси Одина Имомова қўл остида ишлайдиган 4 нафар ходимни ўз хонасига чақириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олганча уларга пичоқ билан ташланган. Юрак қисмидан пичоқланган фаррош воқеа жойида вафот этган. Яна бир ҳамширанинг танасига 5 жойидан пичоқ санчилган, қолган икки ҳамшира эса турли даражада тан жароҳатлари олган.

Бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, уч ходим турли даражадаги тан жароҳатлари билан қолган, улардан бирининг аҳволи оғир.

Суриштирувларга кўра, қотилликка қўл урган катта ҳамшира Одина Имомова икки турмушидан ҳам ажрашган, кекса онаси ва бир ўғли бўлган. У воқеа содир бўлишидан олдин ҳам бошқа бир фуқарони пичоқлаб қўйиб, жазо муддатини ўтаб чиққан ва Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмасига қайта ишга тикланган. Қотиллик юз беришидан аввал эса уй олиш учун ўз номига кредит расмийлаштириб, пичоқланган ҳамшираларни кафиллик шартномасига имзо чекишга мажбур қилган.

Ойлиги тушишини банкоматда кутарди...

Турмуш ўртоғим Лолахон Исмоилова беш жойидан пичоқланиб, реанимацияда ётибди. Икки марта жарроҳлик амалиётини ўтказди. Қотилликка қўл урган катта ҳамшира Одина Имомованинг қилиқларидан ишхонадагилар безиб кетган эди. Турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилса, дам олиш куни бўлишига қарамай, қўрққанидан қаерда бўлишидан қатъий назар ёнига дарров етиб борарди.

“Қаердан келяпсан” десам, “Одинахон билан у ёққа бордик, бу ёққа бордик, иш буюрса бирга бормасам бўлмайди, биласиз-ку муттаҳамлигини, кейин тинч қўймайди-да, бормасам бўлмасди-да”, деб кўп гапирарди. У ищиларига доим тазьиқ ўтказиб келган. Қизим ҳам ўша ерда ишлайди. Қизимга ҳам дўқ-пўписа қилиб юрган. Ўша куни қизимни ҳам ўз хонасига чақиртирган, бормагани учун омон қолди.

Катта ҳамширанинг бир ўғли ва кекса онаси бор. Ўша кекса онасига ҳам қарагани борарди аёлим. Қарашга мажбурларди-да... Хуллас, ҳамма қўрқарди ундан.

Ўша куни “ҳар бирингга 200 доллардан пул бераман” деб ҳамшираларни хонасига олиб кириб, эшикни ичкаридан қулфлаган. Биринчи бўлиб турмуш ўртоғимнинг бош қисмига пичоқ урган. Кейин бўйнига солган. Қочишга уринганда орқасидан яна бир марта урган. Эшикни очаётган пайтда орқа томондан яна бир марта пичоқ урган. Қўли билан қаршилик қилаётган пайтда қўлига ҳам урган. Эшикни очиб қочиб чиқиб кетишга уринган бўлган-да турмуш ўртоғим.

Фаррош бўлиб ишловчи Ҳаётхон Нажмиддинованинг юрагига пичоқ урган. У воқеа жойида ҳалок бўлган. Хонадан қочиб чиқишга уринган ҳамшираларнинг орқасидан қувлаб бориб пичоқ санчган. Турмуш ўртоғим қонга беланган ҳолда юқори қаватга қараб чиқишга уринган...

Катта ҳамшира ишни қилиб қўйиб, қонга беланган қўлини ювиб, ҳеч нарса бўлмагандек “маршрутка”га ўтириб, воқеа жойидан ғойиб бўлган....

Катта ҳамшира Одина бу воқеа бўлишидан аввал ҳам кимнидир пичоқлаб қўйиб, қамалиб чиққан эди. Бундай руҳий носоғлом аёл қандай қилиб тиббиёт соҳасида ишлаб юрибди, ҳайронман...

Ўша қотил аёл кредитга уй олиш учун турмуш ўртоғим ва яна ўша ерда ишловчи уч-тўрт нафар ҳамширани кафил бўлишга мажбурлаган. Турмуш ўртоғим кафил бўлгани учун ойлиги тушадиган куни безовта бўлиб, пластикдан пулимни ечиб олмасин деб кунни банкоматда ўтказарди. Тазьиқда, қўрқувда ишлаб юрганда турмуш ўртоғим.

Ўша аёл телефон қилса, турмуш ўртоғимнинг тўсатдан ранги ўзгариб, қўрқиб кетарди. “Ким у сенга? Нега қўрқасан?” десам, “Нима бўлгандаям бошлиғимиз-да”, дерди. Энг даҳшатлиси, юрагига пичоқ санчиб ўлдирган фаррош Ҳаётхонни дам олиш куни бўлишига қарамай уйидан хонасига чақиртириб олган. Қизим ҳам айнан ўша бўлимда ишлайди. Ўша куни қизимни ҳам чақиртирган экан. Қайнонаси рози бўлмагани учун бормаган. Қизим бир ўлимдан қутулиб қолди”, дейди реанимацияда қолаётган ҳамшира Лолахон Исмоилованинг турмуш ўртоғи Валижон Мамадалиев.

Валижон Мамадалиевнинг келини ҳам қотиллик юз берган бўлимда ҳамшира бўлиб ишлагани, Одина Имомова қўл остидаги ходимларини тўплаб, октабр ойида пенсияга чиқиб кетиши, ишдан кетишдан олдин бўлимни “қуритиб”, кейин кетиши ҳақида тез-тез гапириб келганини билдирди.

Ҳамшира руҳий касалликлар бўлимида рўйхатда турмаган

“Қотилликни амалга оширган ҳамшира шифохонамизда салкам 30 йилдан бери ишларди. Аввал у аёл билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кузатилмаган. Ходимларни бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказамиз. Текширув натижасига кўра, ҳамма кадрлар соғлом деб хулоса берилган. Катта ҳамшира руҳий касалликлар бўйича шуғулланадиган шифокоримизда ҳам рўйхатда турмаган.

Ўша куни воқеани эшитиб бўлимга кирганимда хоналар очиқ ҳолатда эди. Жабрланганларни олиб чиқиб кетишаётган экан. Қотилликни содир этган ҳамшира ташқарига қочиб чиқиб кетган экан. Дарҳол ушлаб келишди”, дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Хуршид Тешабоев.

Қўштепа тумани кўп тармоқли поликлиникаси психиатри Бахтиёр Аббосовга кўра, катта ҳамшира Одина Имомовада руҳий хасталик ҳолати бўлмаган. У бирор марта соғлигидан шикоят қилиб мурожаат қилмаган.

Ҳамширалардан бири жонлантириш бўлимида, икки ҳамширанинг ҳолати қониқарли...

“7-сентабр куни соат 16:30 лар чамасида бўлимимизга ўткир буюмдан жароҳат олган уч нафар бемор келди. Икки беморнинг ҳолати қониқарли, ўрта оғир ҳолатда эди. Беморларга биринчи ёрдам кўрсатилган, бирламчи жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, жарроҳлик бўлимига ўтказилди.

Беморларимиздан бири тезкор давога муҳтожлиги сабабли операция хонасига олинди. Операциядан кейин беморни реанимация бўлимига ўтказдик. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли, ўрта оғирликда, яъни ўтказилган операцияга, ташхис оғирлигига мос.

Ҳолати қониқарли икки ҳамшира масаласига келсак, пичоқ ҳамширалардан бирининг чап кўкрак безига теккан, лекин кўкрак қафасини тешиб ўтмаган. Иккинчиси, чап кўкрагининг орқа қисмига етказилган тан жароҳат, ўткир буюмдан етказилган тан жароҳат. У ҳам кўкрак қафасига тешиб ўтмаган тан жароҳат. Бирламчи жарроҳлик амалиётини ўтказдик, ҳозирда беморлар антибиотикларни, керакли муолажаларни оляпти. Реанимацияда ётган бемор чап кўкрак қафасининг орқа қисмидан ва чап белнинг пастки қисмидан жароҳат олган. Оператив даво ўтказилган. Операциядан кейинги ҳолатлари ўтказилган ташхис оғирлигига мос”, дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими бошлиғи Икромжон Маматов.

Ҳолат юзасидан Қўштепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) иккинчи қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Одина Имомова эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.