Британиялик эркак 28 йил давом этган саёҳатдан сўнг уйга қайтди: у 50 минг км йўлни пиёда босиб ўтган
Саёҳатнинг бу қадар узоқ давом этишига табиий офатлар билан бирга 2008-йилдаги глобал молиявий инқироз ҳамда СОВИД-19 пандемияси ҳам сабаб бўлган.

Британиялик эркак 28 йилга чўзилган сафардан кейин уйига қайтди: у пиёда 50 минг км йўл босиб ўтди
Британиялик сайёҳ Карл Бушби 28 йил давом этган дунё бўйлаб сафарини ниҳоясига етказди. Шу давр ичида у қарийб 50 000 километр масофани босиб ўтди. Саёҳатчи тўртта қитъадаги 30 та давлатда бўлди ва кўплаб хавфли вазиятларни бошдан кечирди. 2-ноябр куни 57 ёшли эркак ниҳоят Англия шимолидаги ўзи туғилиб ўсган Халл шаҳрига қайтиб келди.
Бушби 1998-йил 1-ноябрда Чилининг Пунта-Аренас шаҳридан йўлга чиққан эди. Собиқ британиялик десантчи ўз олдига ноодатий мақсад қўйди — транспорт воситаларидан фойдаланмасдан, фақат пиёда юриб уйига етиб бориш. Пиёда юришнинг имкони бўлмаган жойларда у сув тўсиқларини сузиб кесиб ўтди. Улар орасида Каспий денгизи ва Ламанш бўғози ҳам бор эди.
Сафар ғояси Бушбининг отаси унга икки махсус мақсадли аскарнинг баҳси ҳақида сўзлаб берганидан кейин пайдо бўлган. Улар бир вақтлар Осиё ва Шимолий Америка ўртасида қуруқлик кўприги мавжуд бўлган Беринг бўғози орқали Лондондан Ню-Ёркка пиёда бориш мумкинми ёки йўқми, деган масалада баҳслашишган. Охир-оқибат британиялик эркак, агар транспортдан бутунлай воз кечилса, қанчалик узоққа бориш мумкинлигини синаб кўришга қарор қилди.
У ўзи билан чодир, бир неча юз доллар ва арзон фотоаппарат олди. Унинг йўналиши Жанубий ва Марказий Америка, АҚШ, Аляска, Осиё ва Европа орқали ўтди. Йўлда унга чангалзорлар, чўллар ва музлаган тундра ҳудудлари дуч келди.
Сайёҳ учун энг оғир босқичлардан бири 2006-йилда Беринг бўғозини кесиб ўтиш бўлди. Америкалик сайёҳ Дмитрий Киффер билан бирга Бушби сузиб юрувчи музлар устида қарийб 90 километр масофани босиб ўтди. У оқ айиққа дуч келди, бир неча бор муздек сувга тушиб кетди ва барча захираларини йўқотишига сал қолди. Биринчи экспедициядан кейин улар эвакуация қилинди, бироқ яна қайтиб келишди ва барибир ўтишни якунлашди.
Асосий муаммолардан бири нафақат табиий шароитлар, балки бюрократия ҳам бўлди. Панамада Бушби тақиқланган чегара ҳудудини кесиб ўтгани учун 18 кун қамоқда ўтирди, Мексикада эса унга қурол билан таҳдид қилишди. Визалар, чегара чекловлари ва қулай об-ҳавони кутиш зарурати сафарни бир неча бор узоқ ойлар, ҳатто йилларга тўхтатиб қўйди.
Жиддий кечикишларга, шунингдек, ҳомийлик маблағларининг қисқаришига олиб келган 2008-йилдаги жаҳон молиявий инқирози ва СОВИД-19 пандемияси ҳам сабаб бўлди. Бушбининг айтишича, у 28 йилдан атиги 15 йилга яқинини бевосита йўлда ўтказган. Қолган вақт ҳужжатларни расмийлаштириш, ташкилий ишлар ва йўлни давом эттириш имкониятини кутишга сарфланган. Дастлаб сайёҳ барчаси учун тахминан ўн йил кетади, деб ўйлаган эди. Бироқ тўсиқлар кўлами у тасаввур қилганидан анча катта бўлиб чиқди.
2026-йил октябр ойида Бушби Ламанш бўғозини сузиб ўтди, у ерда уни Британия қирғоғида отаси ва акалари кутиб олишди. Экспедициянинг сўнгги босқичи уни Халлга олиб келди. Шаҳарнинг марказий майдонида сайёҳни юзлаб одамлар қарши олди, шундан сўнг у буюмлари солинган аравачани олдинга итарганча онасининг уйига йўл олди.
Дарвоза олдида уни онаси Анжела Бушби кутиб олди. Сафар давомида у бошқа қариндошлари билан бир неча бор кўришган бўлса-да, ўғлини қарийб 10 йилдан бери кўрмаган эди. Карл Бушби учрашув жуда ҳаяжонли бўлганини, содир бўлган воқеани ҳали тўлиқ англаб етиши кераклигини тан олди. Бу йиллар давомида нафақат унинг ҳаёти, балки бутун оиласи ҳам ўзгарган эди.
Бушби, шунингдек, камдан кам кўрадиган 36 ёшли ўғли Адам билан қайта учрашди ва 12 ёшли набираси билан илк бор танишди. Сайёҳ турли вазиятларда унга ёрдам берган жуда кўп одамлар туфайли қайта олганини билдирди.
“Катта иш учун бир қишлоқ керак, дейишади, лекин менга бу ерга етиб келишим учун чин маънода бутун бир дунё керак бўлди. Шунчалик кўп нотаниш одамларнинг — алоҳида шахслардан тортиб бутун бошли давлатларгача — ёрдами туфайли буни амалга оширдим. Буни мен ёлғиз бажарганим йўқ”, дейди Карл Бушби.
Энди британиялик эркак оддий ҳаётга мослашиши керак. У кейин нима билан шуғулланишини ҳозирча тасаввур қила олмаслигини тан олди.
Яқин ойлар учун режалар аллақачон белгиланган: олтита оммавий чиқиш режалаштирилган, унинг “Гигант қадамлар” хотира китобининг давоми тайёрланмоқда, немис режиссёри Вернер Херсог эса сафар ҳақида ҳужжатли филм суратга олмоқда. Бушбининг ўзи бундай саргузаштдан кейинги тушкунликни енгишнинг энг яхши йўли — ўзи учун янги катта мақсад топиш, деб ҳисоблайди.

