Британияда кўзи ожиз ва маст эркак автомобилда 240 км йўл босди

Британияда кўзи ожиз ва маст эркак 240 километр масофани автомобилда босиб ўтди. Бу ҳақда Метро нашри хабар берди.
49 ёшли Энтони Холл расман кўзи ожиз деб топилган бўлишига қарамай, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда, олдинда кетаётган юк машиналарининг орқа чироқларига қараб, автомагистрал бўйлаб қарийб 241 километр йўл босган.
Тергов маълумотларига кўра, 29-июн куни тунда Холл шеригининг машинасини рухсациз олиб, Хаддерсфилд шаҳридан Кембрия графлигига йўл олган. Унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, суғуртаси ҳам бўлмаган.
Полиция автомобилни тунги соат иккиларда, у Карлайл яқинида тартибсиз ҳаракатланиб, йўл четига чиқиб кетганидан сўнг пайқаган. Автомобил тўхтатилгач, Холл вино ичганини тан олган. У полициячиларга икки йил аввал кўриш қобилиятини йўқотганини ва шундан буён автомобилни қонуний бошқара олмаслигини айтган.
Текширув натижасида унинг нафас ҳавосида алкогол миқдори 46 миллиграмм экани аниқланган. Рухсат этилган меъёр эса 35 миллиграммни ташкил этади.
Судда Холл хавфли ҳайдаш, маст ҳолда автомобил бошқариш, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва суғуртасиз ҳаракатланиш, шунингдек, эгасининг рухсатисиз автомобилидан фойдаланиш бўйича айбини тан олган.
Прокурор Суреш Басранинг таъкидлашича, айбланувчининг ҳаракатлари атрофдагилар ҳаётига жиддий хавф туғдирган. Шунга қарамай, ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жиддий жароҳат олмаган. Ҳимоя томони айбланувчининг шахсий ҳолатларини инобатга олиб, у ҳақда судгача ҳисобот тайёрлашни сўради. Ҳукм 8-сентябр куни эълон қилинади. Унгача Холлга автомобил бошқариш тақиқланган.
Аввалроқ Полшада бир эркак 9 йилда 139 та уринишдан сўнг ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтгани маълум қилинганди. Эркак эндиликда амалий имтиҳонга тайёргарлик кўрмоқда. Агар ундан йиқилса, назарий имтиҳонни бошқатдан топширади.

