Дунё

Британияда иммигрантлар учун доимий яшаш ҳуқуқини олиш қийинлашади

Буюк Британия ҳукумати иммигрантлар учун янги талабларни таклиф қилди. Унга кўра, доимий яшаш ҳуқуқини олиш муддати 5 йилдан 10 йилга, айрим тоифалар учун эса 20–30 йилгача узайтирилиши мумкин.

Британияда иммигрантлар учун доимий яшаш ҳуқуқини олиш янада қийинлашади

Буюк Британия ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд иммиграция қонунчилигини ислоҳ қилиш режасини эълон қилди. Унга кўра, энди аксарият қонуний иммигрантлар мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини олиш учун камида 10 йил кутиши керак бўлади. Ноқонуний иммигрантлар ва айрим қочқинлар учун эса бу муддат 20 ёки ҳатто 30 йилгача чўзилиши мумкин, деб хабар берди ББС.

Ҳозирга қадар Британияда иммигрантлар одатда мамлакатда беш йил қонуний яшагач, доимий яшаш ҳуқуқи (ИЛР) учун ариза бера оларди. ИЛР мақоми чет элликларга Британияда чекланмаган муддат яшаш, ишлаш ва ўқиш, шунингдек, давлат нафақалари ва ижтимоий уй-жойлардан фойдаланиш имконини беради.

Вазир парламентда тақдим этган режага кўра, ИЛР олиш учун асосий кутиш муддати 10 йил этиб белгиланган, бироқ иммигрантнинг даромади, жамиятга мослашуви ва мамлакатга қўшаётган ҳиссасига қараб бу муддат қисқартирилиши ёки узайтирилиши мумкин.

Йилига 50 минг фунтдан ортиқ даромад оладиганлар 5 йилдан кейин ариза топшириши мумкин.

Йиллик даромади 125 минг фунтдан ошадиганлар учун бу муддат 3 йилгача қисқартирилади.

Айрим давлат нафақаларини олган ёки виза қоидаларини бузган иммигрантлар 20 йил кутиши мумкин.

Британияга денгиз орқали ноқонуний келган, аммо ишлаётган ёки ўқиётган шахслар учун ҳам 20 йиллик муддат белгиланган.

Мамлакатга ноқонуний кириб, ишламайдиган ва ўқимайдиганлар эса 30 йил кутиши керак бўлади.

Бундан ташқари, ИЛР олишни истаган шахс судланмаган, давлат олдида қарзи бўлмаган ва камида сўнгги уч йил давомида солиқ тўлаган бўлиши керак. Шунингдек, инглиз тили ҳамда Британия қонунлари, тарихи ва маданиятига оид имтиҳонлардан ўтиш талаб этилади.

Шабана Маҳмуднинг айтишича, янги тартиб ҳукуматга иммигрантлар учун ажратиладиган нафақалар ҳисобидан миллиардлаб фунтни тежаш имконини беради.

Бироқ сиёсий шарҳловчилар бу қарорнинг бошқа сабаби ҳам борлигини таъкидламоқда. Иммиграцияни чеклаш ҳукмрон Лейбористлар партияси учун муҳим сиёсий масалага айланган. Чунки иммиграцияга қарши кескин позицияси билан танилган ўнг популистик Реформ УК партияси лейбористларга жиддий рақобат туғдирмоқда.

ББСънинг сиёсий шарҳловчиси Крис Мейсон эслатишича, Маҳмуд аввалроқ 2021–2024-йилларда Британия аҳолиси иммиграция ҳисобига 2,6 миллион кишига кўпайганини айтган. Унинг фикрича, ҳукумат тезроқ чора кўрмаса, яқин йилларда янги келган иммигрантларнинг катта қисми доимий яшаш ҳуқуқини олиш имкониятига эга бўлади.

Маҳмуд, айниқса, кам маош оладиган ва ўзи билан ишламайдиган оила аъзоларини олиб келган иммигрантлар давлат бюджетига катта харажат юклаши мумкинлигини таъкидлаган.

Таклифлар Лейбористлар партиясининг айрим таниқли вакиллари томонидан танқид қилинган.

Жумладан, собиқ уй-жой вазири Анжела Рейнер Британияга аввалги қоидалар асосида келган иммигрантларга янги талабларни татбиқ этиш адолацизлик бўлишини айтган. Унинг фикрича, бу “британча қадриятларга мос келмайди”.

Расмий маълумотларга кўра, Британияда соф миграция 2023-йилда қарийб бир миллион кишига етиб, энг юқори кўрсаткични қайд этган. Бунга собиқ бош вазир Борис Жонсон ҳукумати томонидан Европа Иттифоқидан ташқаридаги давлатлар фуқаролари учун виза талабларининг енгиллаштирилгани ҳам сабаб бўлган.

Бироқ сўнгги йилларда вазият ўзгарди. Британия Ички ишлар вазирлиги ва Миллий статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2025-йилда соф миграция 2024-йилга нисбатан икки баравар камайиб, 117 минг кишини ташкил этган.

Ҳозир Британия аҳолиси қарийб 70 миллион кишидан иборат. 2004-йилдан буён мамлакат аҳолиси, асосан, иммиграция ҳисобига қарийб 11 миллион кишига кўпайган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.