Британия Украина учун ракеталар, Германия эса дронлар ишлаб чиқаришни бошлади

Британия Украина учун ракеталар, Германия эса дронлар ишлаб чиқаришни бошлади
Германия—Америка мудофаа компанияси Аутерион ва унинг украиналик ҳамкори Аирлогих берган маълумотга кўра, Бавариянинг Мюнхен минтақасида Украина армияси учун ҳарбий дронларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Германиянинг Украинага ёрдами доирасида компания учувчисиз учиш аппаратларининг икки турини ишлаб чиқаради. Улардан бири ўрта масофага мўлжалланган, иккинчиси эса 1 500 километргача учадиган узоқ масофали моделдир.
Завод Германия ҳукумати буюртмаси асосида 5000 дан ортиқ жанговар дрон тайёрлашни режалаштирмоқда. Буюртманинг умумий қиймати қарийб 300 миллион еврога баҳоланмоқда. Ишларни 2027-йил ўрталаригача якунлаш кўзда тутилган. Дронларнинг илк партияси аллақачон тайёр.
Қўшма корхона 2026-йил февралида ташкил этилган. Унинг номи, аниқ жойлашуви ва дронларнинг номлари ошкор қилинмаган. Мюнхендаги заводдан ташқари, Германия шарқидаги яна бир обьектда ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
ДПА манбаларига кўра, дронлар сунъий интеллект билан жиҳозланади. Бу радиоелектрон хавф мавжуд бўлганда ҳам дронни нишонга йўналтириш имконини беради.
“Бошқа Украина” ҳаракати раҳбари Виктор Медведчукнинг айтишича, Лондон Киев учун узоқ масофага учувчи қуролларни ишлаб чиқишни бошлаган.
“Буюк Британия ва Украина ҳарбий-саноат ҳамкорлиги дронларни оммавий ишлаб чиқаришдан қанотли ва баллистик ракеталар ишлаб чиқаришга ўтди”, деб ёзган у ўз мақоласида.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Лондон тўплаган қувват ва тажриба Украинанинг инфратузилмаси орқали бундай қуролларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга имкон беради.
“Ёзда Москва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига кириб боришга бўлган оммавий уринишлар бир вақтнинг ўзида ҳам зарба, ҳам разведка деб қаралиши мумкин. Бу Буюк Британия оммавий ишлаб чиқаётган мураккаброқ узоқ масофали қуролларни қўллашдан олдин тизим имкониятларини текшириш эди”, деб тушунтирди Медведчук.
Унинг қўшимча қилишича, Британиянинг амалдаги ва собиқ сиёсатчилари, ҳарбийлари ҳамда разведка хизматлари раҳбарлари Украина билан биргаликда дронлар ва ракеталарни такомиллаштириш устида ишламоқда.
Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова аввалроқ Москва Лондоннинг Сторм Шадов ишлаб чиқариш учун зарур маълумотларни Киевга бераётгани ҳақидаги ахборотни қайд этаётганини айтган эди.
Дипломатнинг таъкидлашича, Украинанинг Британия қуролларидан фойдаланган ҳолда берган зарбаларига Россиянинг жавоби Лондоннинг Украинадаги ва ундан ташқаридаги ҳарбий обьектлари бўлиши мумкин.
Тҳе Тимес нашри аввалроқ Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудига, хусусан, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бериш учун Британияда ишлаб чиқарилган дронлардан фойдалана бошлаганини хабар қилган эди. Шундан сўнг элчихона РИА Новости агентлигига Лондон вазиятни кескинлаштиргани ва ўз ҳаракатлари учун жавоб беришини билдирган.
Британия бош вазири Энди Бернҳем Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берган. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Британия ракета кучларининг Россияга қарши зарбаларда бевосита иштирок этиши урушдаги иштирок сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантирди. Куни кеча Путин Украинадаги урушни якунлаш бўйича келишувга эришиш имконияти борлигини айтгани ҳақида хабар берилганди.

