Британия жарроҳлари дунёда илк марта СИ ёрдамида мия ўсмасини олиб ташлади
Британия нейрохирурглари дунёда биринчи марта сунъий интеллект ёрдамида мия ўсмасини реал вақтда олиб ташлади. 48 ёшли Рис Ҳиббертнинг гипофизидаги ўсма кўриш нервларига босим ўтказиб, уни кўр қилиш хавфини туғдираётган эди.

Британиялик жарроҳлар дунёда биринчи марта сунъий интеллект (СИ) ёрдамида мия ўсмасини олиб ташлаш операциясини амалга оширди. Лондондаги нейрохирурглар 48 ёшли беморнинг гипофиз ўсмасини реал вақт режимида ишлайдиган СИ тизими кўмагида муваффақиятли олиб ташлашга муваффақ бўлди.
Бедфордширлик икки фарзанднинг отаси Рис Ҳибберт 18 ой аввал кундалик сайр пайтида ҳушидан кетиб, тутқаноққа учраган. Текширувлар натижасида унинг гипофизида 11 миллиметрлик хавфсиз ўсма борлиги аниқланган. Бош суяги асосида жойлашган гипофиз бези ўсиш, моддалар алмашинуви, қон босими ва тана ҳароратини назорат қилувчи кичик бездир.
Ўсма кўриш нервларига босим ўтказа бошлагач, беморнинг ён томонларни кўриш қобилияти пасайган. У тез-тез чарчоқ, бош айланиши ва мувозанат йўқолишидан азият чеккан. Жарроҳларнинг таъкидлашича, операциясиз у кўриш қобилиятини бутунлай йўқотиши мумкин эди.
Операция бурун орқали эндоскоп ёрдамида ўтказилди. Ўсма суяк ва зич пардалар ортида яширинган бўлиб, уни тўлиқ олиб ташламаслик эҳтимоли 25–50 фоизни, йирик қон томирини шикастлаш хавфи эса 0,5–2 фоизни ташкил этарди.
Айнан шу босқичда сунъий интеллект ёрдамга келди. Иккинчи экранда тизим операцияни реал вақтда таҳлил қилди, жарроҳлик асбобларини кузатди, яширин қон томирлари ва нервлар жойлашган жойларни белгилади ҳамда ўсмани хавфсизроқ олиб ташлаш мумкин бўлган ҳудудларни кўрсатди. Тадқиқотчилар ушбу технологияни юзлаб шунга ўхшаш операциялар видеолари орқали ўргатган.
Операцияни Лондон Университет коллежи (УСЛ) мутахассислари профессор Ҳани Маркус ва Даниал Хон Неврология ва нейрохирургия миллий шифохонасида амалга оширди. Тизим фақат маслаҳатчи вазифасини бажарган, якуний қарорларни эса жарроҳлар қабул қилган.
Ҳибберт операциядан кейин кўзларини очганида кўриш қобилияти тўлиқ қайтганини ҳис қилганини айтди. Саккиз ҳафта ичида кўриш яхшиланиб, куч-қувват қайтганини ва олдинги шикоятлар йўқолганини таъкидлади: "Бу менга ҳаётимни қайтарди".
Лойиҳа Британия Миллий соғлиқни сақлаш тадқиқотлари институти (НИҲР) ва Гоогле томонидан молиялаштирилган. Ҳозир олимлар кенг кўламли клиник тадқиқотга тайёрланмоқда. Узоқ муддатда улар жарроҳлар учун "операция хонасидаги ЧатГПТ" яратишни режалаштирмоқда – керак бўлса маслаҳат берадиган, лекин барибир шифокор розилигини талаб қиладиган тизим.
Ҳибберт биринчи бемор бўлишга розилик берганини шундай изоҳлади: "Агар беморлар тадқиқотларда қатнашмаса, шифокорлар қандай ўрганади ва тиббиёт қандай ривожланади?"

