Британия ҳарбийлари душман давлатлар сунъий йўлдошларини ердан туриб тўсмоқда — ББС

Британия ҳарбийлари душман давлатлар сунъий йўлдошларини ердан туриб тўсмоқда — ББС
Британия ҳарбийлари хорижий сунъий йўлдошлардан келаётган таҳдидларга қарши курашиш учун сунъий йўлдош сигналларини ердан туриб тўсувчи тизимдан фойдаланмоқда. Бу ҳақда ББСънинг ҳарбий доиралардаги манбаси маълум қилди.
Манбанинг айтишича, Британия ҳарбийлари ушбу тизимдан бир йилдан бери фойдаланиб келади. Тизим, жумладан, душман давлатлар сунъий йўлдошларининг Британиянинг ядровий ракеталар билан жиҳозланган сувости кемалари ҳаракатини кузатишига ёки махсус кучлар иштирок этадиган бошқа махфий операцияларни назорат қилишига халақит беради.
Сўнгги йилларда Британия ҳукумати душман давлатлар қаторига биринчи бўлиб Россия ва Эронни киритиб келмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, шунга ўхшаш ер усти тизимлари бир неча давлатда мавжуд. Ўтган йили Буюк Британия Космик қўмондонлиги раҳбари Россия ҳар ҳафта ердан туриб Британия сунъий йўлдошлари сигналларини бостиришга уринаётганини айтганди.
ББС манбасининг таъкидлашича, Британиянинг радиоелектрон уриш воситалари “дунёдаги энг яхши шундай воситалардан ҳам яхши”.
Аввалроқ Қироллик Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Британия коинотдан келаётган мисли кўрилмаган таҳдидларга дуч келаётганини айтганди. Мудофаа вазирлиги эса ушбу таҳдидларга қарши курашиш учун янги бўлинма — Спасе Эффесц Сқуадронъни ташкил этишини эълон қилди.
Буюк Британия мудофаа вазири Уес Стритинг Британия космик конференсиясида сўзлаган нутқида ГПС сигнали йўқолган тақдирда мамлакат иқтисодиёти ҳар куни 1,4 миллиард фунт стерлинг, яъни қарийб 1,85 миллиард доллар зарар кўришини айтди.
“Биз космик технологияларга қанчалик қарам бўлсак, рақибларимиз томонидан бу соҳадаги таҳдидлар ҳам шунчалик ортиб бормоқда”, — деди Стритинг.
Унинг сўзларига кўра, Британия об-ҳаво прогнозлари ва энергия таъминотидан тортиб молиявий операциялар, сунъий йўлдош навигацияси, мобил алоқа ва ҳатто Амазон буюртмаларини етказиб беришгача бўлган кўплаб соҳаларда сунъий йўлдошларга таянади.
Стритинг фикрича, ушбу имкониятларнинг бирданига йўқолиши нафақат британияликларнинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир қилади, балки уларнинг давлат институтларига бўлган ишончини ҳам сусайтириши мумкин.
Вазир Британияга рақиб давлатлардан келаётган таҳдидлар тобора кенг кўламли ва мураккаб тус олаётганини айтди. Коинотдаги бу муаммолар эса Ер юзидаги геосиёсий ўзгаришларни акс эттиради.
Ўтган ҳафта АҚШ ўз сунъий йўлдошларини ҳимоя қилиш учун коинотга маълум турдаги қурол жойлаштирганини илк бор тан олди. Хитой ва Россия бу баёнотни қоралади. Бироқ АҚШ илгари ҳар икки давлатни орбитада ўз қуролларини ишлаб чиқиш ва жойлаштиришда айблаб келган. Гап сунъий йўлдош сигналларини бостирувчи қурилмалар ва уларнинг кузатув имкониятини ишдан чиқарувчи лазерлардан тортиб, нишонни жисмонан йўқ қилишга мўлжалланган кинетик қуролларгача бўлган воситалар ҳақида бормоқда.
2026-май ойида Буюк Британия Қироллик Ҳарбий-ҳаво кучлари (РАФ) Финляндиянинг икки фуқаролик сунъий йўлдошига яқин жойда Россиянинг бешта сунъий йўлдоши кетма-кет хавфли манёврлар қилганини кузатганди. Июн ойида эса РАФ қўмондони Россия сунъий йўлдошлари гуруҳи Европа ва Канадада ГПС сигналларига халақит берганини маълум қилди.
Айни пайтда Британия мудофаа вазири рақиблари томонидан амалга оширилаётган “масъулияциз ва провокацион ҳаракатлар” сони ортиб бораётганини айтди.
Орбитада Британиянинг бир нечта ҳарбий разведка ва алоқа сунъий йўлдошлари мавжуд. Шу билан бирга, мамлакат Америка Космик кучлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади — АҚШда эса сунъий йўлдошлар сони анча кўп.

