Лайфстайл

Бразилиялик эркак ҳуснбузар сабаб ўлишига оз қолди

Бразилиялик эркак ҳуснбузарни сиқиб, ўлим ёқасига келиб қолди.

Бразилиялик блогер ва модел Виллиан Силва мўйлови яқинидаги ҳуснбузарни сиқиб ташлаганидан сўнг касалхонага ётқизилди. У ўз кузатувчиларини бундай ҳаракатнинг хавфли оқибатларидан огоҳлантириш мақсадида бошидан кечирганларини ҳикоя қилди.

Ижтимоий тармоқларда Кен де СГ номи билан танилган Силва, яллиғланган тукни олиб ташлаб, ҳуснбузарни сиққанидан кейин юзининг кескин шишиб кетганини маълум қилди. Моделнинг сўзларига кўра, шифокорлар уни жиддий инфексия хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу инфексия энг ёмон ҳолатда мияга зарар етказиши мумкин эди.

"Бу ҳуснбузар юзимни жуда шишириб юборди. Менингит хавфи бор эди. Бу мияга таъсир қилиб, саломатлик учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди", деди у.

Дерматолог Данижела Кавалканте де Алмейда Манжани тушунтириш берди. Унга кўра, бурундан оғиз бурчакларигача бўлган соҳа юздаги "ўлим учбурчаги" деб аталади. Бу соҳада калла суягининг ички тузилмаларига боғланган томирлар жойлашган. Шу сабабли терининг жароҳатланиши оқибатидаги инфексия организмга кенгроқ тарқалиб кетиши мумкин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, яллиғланишни сиқиш тўқималарга бактериялар киришига ва жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Улар орасида каверноз синус тромбози, менингит, мия абссесси ёки сепсис бор.

Виллиан Силва ҳозирда тузалиш жараёнида. Ушбу ҳодисадан сўнг у ҳуснбузарлардан ўзбошимчалик билан халос бўлиш хавфи ҳақида ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишни режалаштирмоқда.

"Ҳуснбузаримни сиққаним учун ўлишимга оз қолди", дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ Италияда бузилган пишлоқ сабаб 7 йил комада ётган бола вафот этгани ҳақида хабар берилганди.