Бразилияда кучли торнадо аеропорт томини учириб кетди, шаҳарни сув босди (видео)
Санта Катарина штатидаги мактабларда дарслар бекор қилинди. Аҳолига хавфсизлик учун уйда қолиш тавсия қилинмоқда.

Бразилияда кучли торнадо аеропорт томини учириб кетди, шаҳарни сув босди (видео)
Бразилиянинг Санта Катарина штатига ёпирилган торнадо маҳаллий аеропортга катта зарар етказди. Бу ҳақда СНН хабар берди.
Шапеко аеропортида кучли бўрон ангарлар ва асосий терминал жойлашган ҳудуддаги бинолар томининг бир қисмини учириб кетди. Маъмурият аеропорт фаолиятини номаълум муддатга тўхтатди. Ҳозир мутахассислар инфратузилмани тўлиқ текширмоқда. Аеропорт ишини имкон қадар тезроқ тиклаш режалаштирилган.
Йўловчиларга аеропортга келмаслик ва ўз рейслари бўйича долзарб маълумот олиш учун авиакомпаниялар билан бевосита боғланиш тавсия этилди. Ижтимоий тармоқларда воқеа жойидан олинган видеолар тарқалди.
Ноқулай об-ҳаво сабаб бутун штат ўта юқори хавф ҳудуди деб эълон қилинди. Торнадо оқибатида биноларнинг томлари шикастланиб, ҳудудларни сув босди. Санта Катарина ҳукумати 4 ва 5-ноябр кунлари барча давлат мактабларида дарсларни бекор қилди. Штат маъмурияти аҳолини ўз хавфсизлиги учун уйда қолишга чақирди.
Табиий офат бошқа муниципалитетларда ҳам жиддий оқибатларга олиб келди. Рио-ду-Сул шаҳрида ўт ўчирувчилар мактабда қолиб кетган 30 кишини, жумладан болалар ва катталарни қутқарди. Бинонинг кириш қисмларини сув босгани сабабли қутқарувчилар шишириладиган қайиқ ва арқонлардан фойдаланишга мажбур бўлди.
Поусу Редонду муниципалитетида бўрон 13 та уйнинг томини учириб юборди. Ўт ўчирувчилар йўллар ва гаражларга қулаб тушган дарахтларни олиб ташлади. Жабрланган аҳолига шикастланган биноларни вақтинча ёпиб туриш учун махсус ҳимоя брезентлари тарқатилмоқда.

