Дунё

Бразилияда фермер ЧатГПТъга ўғлини ўлдириш режасини айтганидан кейин ҳибсга олинди

Бразилияда фермер ЧатГПТъга ўғлини ўлдириш режасини айтганидан сўнг қўлга олинди

Бразилияда 36 ёшли фермер саккиз яшар ўғлини ўлдириш ва бошқа одамларга ҳужум қилиш ҳақида қарийб икки ой давомида ЧатГПТ билан ёзишиб келганидан кейин ҳибсга олинди. Полиция талқинига кўра, ёзишмалар мазмуни жиноятларга тайёргарлик кўрилаётганини кўрсатади, деб хабар берди ББС Бразилия хизмати.

ОпенАИ фойдаланувчининг ёзишмаларига эътибор қаратиб, бу ҳақда АҚШ Федерал қидирув бюросига маълум қилган. Кейин Америка томони Бразилия расмийларини хабардор қилган. Полиция фермерни 19-июн куни ҳибсга олди.

Ҳудудий кибержиноятларга қарши кураш бўлинмаси раҳбари Бренну Андраде айтишича, болага нисбатан эҳтимолий таҳдид мавжудлиги сабабли ишга устувор мақом берилган. Терговчиларга кўра, эркак ЧатГПТ билан ёзишмаларида нафақат ўғлини ўлдириш, балки мактаблар, черковлар ва полиция ходимларига эҳтимолий ҳужум уюштириш ҳақида ҳам гаплашган. Шунингдек, у хавфли моддалар ҳақида маълумот излаган.

Фермернинг уйида ўтказилган тинтув чоғида полиция бир қатор шубҳали буюм ва моддаларни топди. Улар ҳозир экспертлар томонидан текширилмоқда. Терговчилар, шунингдек, гумондорнинг мобил телефонини ҳам кўздан кечирмоқда ва ёзишмаларда муҳокама қилинган режаларни амалга ошириш учун бирор ҳаракат қилинган-қилинмаганини аниқлашга уринмоқда.

Полиция маълумотига кўра, эркак ўғли билан кам мулоқот қилади ва асосан алимент тўлаб келади. Терговчилар алимент тўловларидан норозилик эҳтимолий жиноятга сабаб бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бироқ ҳозирча тергов бу борада якуний хулосага келмаган.

Фермернинг ўзи болага зарар етказиш нияти бўлмаганини айтмоқда. Унинг адвокати эса бу ёзишмалар фақат чатбот билан провокацион суҳбат бўлгани, амалда ҳеч қандай реал ҳаракатга ўтилмаганини таъкидламоқда.

Эркак 54 кун ҳибсда сақланиб, 13-август куни озодликка чиқарилди. Ҳозирча унга расман айблов қўйилгани йўқ, тергов эса давом этмоқда. Бундан буён у электрон билагузук тақиб юриши, ўғли ва боланинг онаси билан мулоқот қилмаслиги шарт.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.