Бўстон тумани ҳокимининг бирданига икки ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди
Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ва қишлоқ хўжалигига масъул собиқ ўринбосарлари қамалгани маълум бўлди. Улар ўзаро тил бириктириб, 65 млн сўм пора олганликда айбланганди. Ҳоким ўринбосарлари фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт режасини фиктив операциялар билан ёпиб бермоқчи бўлишган.

Бўстон тумани ҳокимининг бирйўла икки ўринбосари озодликдан маҳрум этилди
Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ҳамда қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосарлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Суд ҳукмига кўра, 45 ёшли У.С. Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган. У тумандаги боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан экспорт режасининг бажарилишига масъул бўлган.
У.С. фермерларга гўёки уларнинг номидан экспорт режасини бажаришини, бунинг эвазига ҳар бир гектар ер майдони учун 1 млн сўмдан беришлари кераклигини айтган. Ҳоким ўринбосари ҳудуддаги фермер хўжаликлардан бирининг иш бошқарувчисидан 5 гектар ер майдони учун 5 млн сўм талаб қилиб, шундан 4 млн сўмини пора сифатида олган.
Шунингдек, У.С. Бўстон тумани ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Ш.Д. билан тил бириктирган. Икки ўринбосар бир гуруҳга бирлашиб, туманда фаолият юритувчи кўп тармоқли фермер хўжалигининг боғдорчилик ва сабзавотчиликка мўлжалланган 65 гектар ер майдони учун гўёки уларнинг номидан экспорт режасини бажариш эвазига 65 млн сўм талаб қилишган. Ш.Д. ушбу пулнинг 40 млн сўмини пора сифатида олган пайтда тезкор тадбирда ушланган.
ЖИБ Қўрғонтепа туман суди ҳукми билан У.С. ва Ш.Д. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. У.S.ga 6 йил, Ш.D.ga 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилар 2 йилга давлат ёки давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Апелляция ва тафтиш инстансиялари дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

