«Бойсун дўпписи» номи ҳуқуқий муҳофазага олинди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида қадимдан тайёрлаб келинадиган «Бойсун дўпписи» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу унинг номи ва ҳудуд билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш имконини беради.

«Бойсун дўпписи» номи ҳуқуқий ҳимояга олинди
«Бойсун дўпписи» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
У Бойсун тумани ҳудудида қадимдан тикиб келинадиган миллий бош кийимлардан бири саналади. Дўппи думалоқ шаклда бўлиб, пилтадўзи услубидаги кашталар билан безатилади.
«Бойсун дўпписи» бошқа миллий бош кийимлардан ўзига хос пилтадўзи кашта услуби, геометрик нақшлари, ёрқин ранглар уйғунлиги ва анъанавий тикиш усуллари билан фарқланади.
Уни безашда чилхол, чаёнгул, қўчқоршохи, арча ва кўзача каби анъанавий нақшлардан фойдаланилади.
Дўппининг географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши маҳсулотнинг айнан Бойсун ҳудуди билан боғлиқ жиҳатларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, «Бойсун дўпписи» номининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланиб, унинг анъанавий хусусиятлари ва ишлаб чиқариш усулларини асраб қолиш учун қўшимча ҳуқуқий асос яратилади.
Бу Бойсун ҳунармандчилиги маҳсулотини Ўзбекистон ва халқаро бозорларда тарғиб этиш имкониятларини ҳам кенгайтириши кутилмоқда.
Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятлари маълум бир географик ҳудуд билан боғлиқлигини билдирувчи интеллектуал мулк обьекти ҳисобланади.

