“Бой ота, камбағал ота” асари муаллифи Роберт Киёсакининг ўзи 1,2 миллиард доллар қарзга ботди

"Бой ота, камбағал ота" китобининг муаллифи Роберт Киёсаки, замонавий мотивацион ёзувчилар орасида энг машҳурларидан бири бўлиб, молиявий саводхонлик бўйича маслаҳатлари билан ўз империясини қурган. Унинг китоблари ўқувчиларга бойликка эришишни ваъда қилади. Айниқса, "Бой ота, камбағал ота" асари 32 миллиондан ортиқ нусхада сотилиб, 100 дан зиёд мамлакатда тарқалган ва Нев Ёрк Тимес бесцеллерлари рўйхатидан жой олган. Опра Уинфри каби машҳурлар томонидан қўллаб-қувватланган бу китоб ҳақиқий феноменга айланган.
Киёсакининг тез пул ишлаш сирлари кўпчиликка ёқиб, унга бутун дунё бўйлаб содиқ мухлислар армиясини олиб келди. Бироқ, Ванитй Фаир нашрининг хабар беришича, молиявий саводхонлик бўйича бу устознинг ўзи яқинда 1,2 миллиард доллар қарзга ботганини маълум қилган. Бу ҳолат унинг ўзига ҳам яхши маслаҳатчи кераклигини кўрсатмоқда.
1997-йилда нашр этилган "Бой ота, камбағал ота" китоби икки ота ҳақидаги ҳикояга асосланган. Улардан бири Киёсакининг ўз отаси бўлиб, у маълумотли давлат хизматчиси эди. У муваффақиятли карьерасига қарамай, баъзан молиявий қийинчиликларга дуч келар ва ўзини ҳеч қачон бадавлат ҳисобламасди. Иккинчиси эса Киёсаки "бой ота" деб атаган, унинг энг яқин дўстининг тадбиркор отаси эди. Китобга кўра, айнан шу киши бўлажак муаллифга пул қандай ишлашини ва нима учун инсон фақат маош олиш билан чекланиб қолмай, активларга эгалик қилишга интилиши кераклигини тушунтирган.
Киёсакининг таълимоти ўта соддалиги туфайли кенг тарқалди. У ўз китобхонларига "камбағалча" фикрлашни "бойларча" фикрлашга ўзгартиришни, пул келтирадиган активларни сотиб олишни ва бунинг учун қарз капиталидан фойдаланишни маслаҳат берган. Роберт кўчмас мулк, олтин, нефт ва бошқа ресурслар ёки лойиҳаларга сармоя киритиш ҳақида ҳам кўп гапирган.
У ҳатто катта қарзлар ҳам ўз-ўзидан молиявий ҳалокатни англатмаслигини тушунтирган. Аслида, у айнан шу нарсани ўз мисолида кўрсатиб бермоқчи бўлди. Тҳе Исед Соффее Ҳоур подкастида Роберт 1,2 миллиард долларлик қарзини очиқ эълон қилди. Албатта, бу пулни у шахсан ўзи сарфламаган ва бу уни банкротга олиб келмаган. Бу маблағларнинг асосий қисми унинг шериклари билан биргаликда эгалик қиладиган кўчмас мулкка боғлиқ. Ванитй Фаир ҳисоб-китобларига кўра, Робертнинг шахсан ўзи бу суммадан тахминан 30–60 миллион доллар қарздор.
Шунга қарамай, бошловчилар ёзувчидан бу муаммони қандай ҳал қилмоқчи эканини сўрашганида, у шундай жавоб берган: "Агар банкдан 20 миллион қарз бўлсангиз, бу сизнинг муаммоингиз. Аммо банкдан 1 миллиард қарз бўлсангиз-у, уни тўлай олмасангиз, бу энди банкнинг муаммоси".
Яъни Киёсаки кўп йиллар давомида ўз ўқувчиларига тушунтириб келган айнан ўша моделдан фойдаланаётганини исботлашга қарор қилди: у активларни харид қилиш учун қарз олади ва активларнинг ўзи ҳамда улардан келадиган даромад қарзни қоплайди, деб ҳисоблайди. Бироқ молиявий экспертлар инфлация ва бозор беқарорлигини инобатга олганда, бу модел қанча вақт иш бериши мумкинлиги борасида ҳамон иккиланмоқда.
Бундай саволлар аввал ҳам пайдо бўлган. Соҳа мутахассислари "Бой ота, камбағал ота" асарини ундаги фактик хатолар, ортиқча соддалаштириш ва аксарият вазиятларнинг ҳақиқатдан йироқлиги учун танқид қилишган. Бироқ бу ҳам Киёсакининг муваффақият қозонишига ва унинг бошқа китоблари нашр этилишига тўсқинлик қила олмаган — жами йигирмадан ортиқ асари чоп этилган.
Қолаверса, қарзлари қанча бўлишидан қатъи назар, унга қашшоқ ҳаёт хавф солмайди. Мабодо кўчмас мулк бизнеси барбод бўлса ҳам, у инфобизнес орқали ўз капиталини тўлдиришда давом этади: асарларини, подкастларини, вебинарлари, курслари ва ҳатто таълимий ўйинларини сотиш ҳисобидан. Айтганча, Робертнинг уйи ҳам шундан далолат беради. Ванитй Фаир журналистининг сўзларига кўра, унинг қасри гўёки пулсиз қолган одам ҳақидаги тасаввурга умуман тўғри келмайди. Киёсаки Марокаш услубидаги бу ҳашаматли қароргоҳни атиги уч йил олдин 4,5 миллион долларга харид қилган.
Қизиғи шундаки, Роберт ўз мулоҳазаларининг мавҳумлигига қарамай, Америка жамиятининг "юқори" қатламидан мустаҳкам ўрин эгаллашга муваффақ бўлди. Жумладан, у кўп йиллардан буён Доналд Трамп билан яқин алоқада. Улар ҳатто биргаликда иккита китоб ҳам ёзган — 2006-йилда "Нима учун биз сизнинг бой бўлишингизни истаймиз" ва 2011-йилда "Мидас таъсири". Ванитй Фаир нашрига берган интервюсида Киёсаки АҚШ президенти ҳақида ижобий фикр билдириб, уни ҳамон дўстим деб атайди.
Киёсаки асарида яна бир муҳим жиҳат бор. Бу — "бой ота" ва "камбағал ота" образларидир. Биринчиси сифатида у кўп йиллар давомида ўзига устоз деб билган тадбиркор Ричард Кимини тилга олади. Китобида Роберт унинг аллақачон вафот этганини ёзади, аммо аслида Кими асар нашр этилганидан 11 йил ўтиб вафот этган.
Бундан ташқари, Ванитй Фаир нашри материалларига кўра, Киёсакининг биринчи бизнеси — ҳамён ишлаб чиқариш учун пулни айнан унинг ўз отаси, яъни китобда муваффақиятли тадбиркорга қарши қўйилган ўша "камбағал ота" берган. Демак, у йиллар давомида ўзининг ҳаёт йўли шаклланишига сабабчи бўлган инсонни молиявий саводсизлик ва қатъияцизликда айблаб келган.
Ёзувчининг ўзи эса ўз фалсафасига содиқ қолмоқда. Унинг собиқ рафиқаси Кимнинг айтишича, у эридан қачон нафақага чиқмоқчилигини сўраганида, жавоб оддий бўлган — Роберт икки марта "Мен ўқитишни яхши кўраман", деб такрорлаган.

