Бошқа сайёрадек кўринган Намибия туз текислиги космосдан суратга олинди
Сентинел-2 сунъий йўлдоши Намибиядаги Этоша туз текислигининг ғайриоддий тасвирини олди. Суратда мовий ва кўк майдонлар қизил ҳудудлар билан ўралган. Бироқ бу табиий ранглар эмас - ўсимликлар ва ер юзаси хусусиятларини ажратиб кўрсатиш учун тасвирга шартли ранглар берилган.

Намибиядаги бошқа сайёрани эслатадиган туз текислиги космосдан тасвирга туширилди
Европа космик агентлиги — ЭСА берган маълумотга кўра, сурат 2026-йил 5-апрелда Сопернисус Сентинел-2 дастури доирасида олинган
Этоша Намибия шимолидаги шу номли миллий боғ ҳудудида жойлашган. У мамлакатдаги энг йирик туз текислиги бўлиб, юзаси туз ва бошқа минерал ётқизиқлар билан қопланган.
Сунъий йўлдош тасвиридаги ранглар ва шакллар уни узоқдаги сайёра манзарасига ўхшатади. Аслида эса ер юзидан қаралганда Этоша асосан оқ текислик сифатида кўринади.
Сентинел-2 аппаратларидаги юқори аниқликдаги мултиспектрал асбоб тасвирларни 13 та спектрал диапазонда қайд этади. Турли диапазонларда олинган маълумотларни бирлаштириш оддий фотосуратларда ажратиш қийин бўлган хусусиятларни кўришга ёрдам беради.
Мазкур тасвирда тузлик атрофидаги ўсимликлар қизил тусларда акс этган. Текисликнинг ўзида эса ёрқин мовий, оч кўк ва тўқ кўк участкалар кўринади. Улар орасидаги булутга ўхшаш шакллар сувда муаллақ турган чўкинди заррачалари тўпланишидир.
Қизил рангларда кўринган ҳудудлар ўтлоқлар, саванналар ва мопане дарахтларини қамраб олади. Мопане миллий боғнинг ушбу қисмига хос дарахтлардан бири бўлиб, филлар, жирафалар ва қоплонлар яшайдиган табиий муҳитнинг муҳим қисмини ташкил этади.
Бундай сунъий йўлдош тасвирлари олимларга ҳудуднинг табиий хусусиятларини ўрганиш ва вақт ўтиши билан юз бераётган ўзгаришларни кузатиш имконини беради.

