Маҳаллий

“Бор, “любой"ингга чиқ”. Нурафшонда маҳалла етакчиларини ҳақоратлаган ёшлар ишлари бўлими раҳбари ишдан олинди

Тармоқларда Нурафшон шаҳри ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджоновнинг маҳалла етакчиларини ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалди. Хизмат текширувидан сўнг айбини тан олган мулозим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Унинг ишидаги бошқа камчиликлар юзасидан суриштирув давом этмоқда.

Нурафшон шаҳар ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджонов маҳаллалардаги ёшлар етакчиларини ҳақорат қилгани ва уларга босим ўтказгани сабабли лавозимидан озод этилди. Бу ҳолат Аҳмаджоновнинг ёшлар етакчилари билан ўтказган йиғилишидан олинган аудиоёзув тарқалганидан сўнг маълум бўлди.

Тарқалган аудиоёзувда бўлим раҳбари ходимларни шаънига тегадиган сўзлар билан ҳақорат қилгани ва уларни "эшак" деб атагани эшитилади. У, шунингдек, кунлик маълумотлар, ҳисоботлар ва жадвалларни тўлдириш ишларига енгил-елпи ёндашилганига эътироз билдирган. Йиғилишда аёллар ҳам бўлишига қарамай, раҳбар уларни ҳақорат қилишда давом этган.

Аҳмаджоновнинг сўзлари орасида: "Маҳалланга борса, чиқмайсанлар… Эшак, ҳаммаси бир гўр…Бор, “любой"ингга чиқ…Сенларга ёқяптими шунақа сассиқ гап? Икки соат олдин айцам, ярим соат кеч келасанлар. Бирор кимга гапираётганим йўқ, мана ярим соат кеч келганларингни. Сенчи? Ё яхшиликка, анави ош-анақадан жавоб беряпсанми сен менга?" каби иборалар мавжуд.

Йиғилиш давомида ходимлардан бири "сансираманг" дея эътироз билдирганида, бўлим бошлиғи у билан алоҳида гаплашиб олишини ва "ёқмаётган бўлса, аризангни ёз" дея таҳдид қилгани ҳам эшитилган.

Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилган. Текширув натижасида тарқалган хабарлар ўз тасдиғини топган.

Маълум бўлишича, ҳодиса 18-август куни содир бўлган. Аҳмаджонов йиғилиш давомида хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузган. Шунингдек, унинг иш фаолиятида бошқа бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган.

Мансабдор билан ўтказилган суҳбатдан сўнг, у ўз айбини тан олган ва меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраган. Натижада у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ҳозирда унинг иш фаолиятидаги бошқа камчиликлар юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловнинг ҳам ғалла планини бажармаган фермерларни ҳақоратлаб, таҳдид қилгани акс этган аудио тарқалганди. Унда "Ёпмасанг, тиқиб юбораман… Эй, қўзичоқ, ёп, тушундингми?" дейилган. Кейинчалик Антикоррупсия агентлиги тақдимномасидан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган туман раҳбарига ҳайфсан берилган.

Фарғонада эса Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровнинг фермерлар билан ўтказилган йиғилишда ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлар қилгани ва уларни ҳақоратлаб, ерини топширишни талаб этгани акс этган аудио тарқалганди. Антикоррупсия агентлиги тақдимномасидан сўнг унга ҳам ҳайфсан берилган.

Газета инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсацҳунос Фарҳод Толипов билан мансабдорларнинг фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлиши инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қандай баҳоланиши, улар одамлар билан коммуникацияни қандай йўлга қўйиши кераклиги каби саволларга жавоб излашга уринганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.