Лайфстайл

“Болливуд Голливуд билан учрашганда”. Сиз севиб томоша қилган Голливуд филмларининг ҳиндча талқини (фото)

"Болливуд Голливуд билан учрашганда": Голливуд филмларининг ҳиндча талқинлари (фото)

Голливуд филмлари бутун дунёда машҳур бўлса-да, Болливуд уларни шунчаки кўчириб қўймайди. Ҳинд киноижодкорлари машҳур сюжетларни ўз маданияти, мусиқаси, рақслари ва ҳиссиётлари билан бойитиб, уларга мутлақо янги руҳ бағишлайди. Қуйида Голливуд ҳитлари асосида суратга олиниб, томошабинлар меҳрини қозонган энг машҳур ҳинд ремейклари билан танишинг.

**"Ошиқ қаҳрамон" (2014)**

Ушбу қизиқарли жанговар филм Голливуднинг машҳур "Кун рицари" филмининг ҳиндча мослашувидир. Филмда жанговар саҳналардан тортиб, романтикага қадар ҳинд маданияти ёритилган бўлиб, шубҳасиз, рақс саҳналари билан тўлдирилган. Бош ролларни Болливуд юлдузлари Хритик Рошан ва Катрина Кайф ижро этган. Лента томошабинлар ва танқидчилардан юқори баҳо олиб, 2014-йилда Ҳиндистондаги энг юқори даромад келтирувчи филмлардан бирига айланди. Ушбу филм Голливуд дурдонасини ҳинд анъаналари билан қандай қилиб муваффақиятли мослаштириш мумкинлигининг ёрқин намунасидир.

**"Тила тилагингни" (2009)**

Бу 1988-йилда Том Хенкс иштирок этган Голливуднинг "Катта" ҳитининг ремейки. Катта ёшли бўлиш истаги кутилмаганда рўёбга чиққан бола ҳақидаги бу ҳикояда мўжиза, ҳазил ва муҳаббат бир-бирига боғланган.

**"Лаал Сингх Чадда" (2022)**

Ҳиндистонлик томошабинлар "Оскар" мукофотига сазовор бўлган "Форрест Гамп" филмининг ремейкини узоқ вақтдан бери кутишган – уни суратга олиш 8 йил давом этган. Бунинг сабаби продюсер ва бош актёр Амир Хон узоқ вақт давомида "Форрест Гамп" филми режиссори Роберт Земеккисдан муаллифлик ҳуқуқини олишга ҳаракат қилди. "Лаал Сингх Чадда" кассада муваффақият қозона олмади, лекин танқидчилардан ижобий баҳо олди.

**"Худойим, сен қудратлисан!" (2008)**

Ушбу филм бош ролда Жим Керри иштирок этган Голливуднинг "Қудратли Брюс" комедиясига мослаштирилган. Оддий, омадсиз йигит тўсатдан илоҳий қобилиятларга эга бўлади. У оқибатлари ҳақида ўйламасдан, ўз хоҳиш-истакларини бажариш учун улардан фойдаланишни бошлайди. Филм Голливуднинг оригиналидан нафақат ёрқин рақс саҳналари ва ранг-баранг мусиқаси, балки ҳинд маданиятига оид нозик жиҳатлар билан ҳам ажралиб туради.

**"Биз оиламиз" (2010)**

Бу Сюзан Сарандон ва Жулия Роберц иштирокидаги Голливуд филми "Ўгай она"нинг ҳиндча ремейки. Бир оила ажрашгандан кейин қийинчиликларга дуч келди. Она оғир касаллик билан курашмоқда, болалар эса отасининг янги севгилисини қабул қилишни хоҳламайди. Аммо совуққонлик ва душманлик кайфияти билан бошланган ҳикоя тушуниш ва қабул қилиш билан тугайди.

**"Салом, севги" (2007)**

Филм сюжети инглизларнинг "Чин муҳаббат" ҳити асосида яратилган. Бу севги, эҳтирос ва ҳаётнинг турли қатламларидаги одамларнинг тақдири ҳақида бир-бирига боғланган олтита ҳикоядан иборат картина. Ҳар бир ҳикоя Ҳиндистоннинг бетакрор маданий ва ижтимоий воқеликларини акс эттиради.

**"Гажини" (2008)**

Филм Кристофер Ноланнинг "Эсла" психологик триллерининг ремейкидир. У ҳаётининг атиги 15 дақиқасини эслай оладиган йигит ҳақида ҳикоя қилади, шундан кейин у яна ҳамма нарсани унутади. Севганининг ўлими учун қасос олиш ва душманларини топиш учун у ўзига татуировка ва фотосуратлар кўринишида эслатмалар қолдиради.

**"Чунки бу тақдир" (2005)**

Бу Кен Кезининг "Какку уяси узра парвоз" романи ва унинг 1975-йилда Жек Николсон иштирокидаги филмига мослаштирилган вариантидир. Китоб ва Голливуд филмидан фарқли ўлароқ, ҳиндча вариантдаги бош қаҳрамонни психиатрия клиникасидаги шафқациз ищи эмас, меҳрибон ва ғамхўр ҳамшира кутиб олади. Қайсидир маънода, у эркакнинг касаллигига даво бўлади.

Айтганча, кўплаб ҳинд ремейклари ва мослашувлари асл филмлар каби машҳур ва муваффақиятли бўлди. Шунинг учун Ҳиндистонда жуда истеъдодли режиссёрлар, ссенарийнавислар ва актёрлар ижод қилади.